Жапаровнинг инаугурацияси камтарона ва йўл тўсишларсиз ўтади — президент аппарати

356

Президентлик сайловида ғолиб бўлган Садир Жапаров инаугурациясига кетган харажатларни қисқартириб, ортиқча дабдабасиз ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда президент аппаратининг раҳбари Нургази Анаркулов «Клооп»нинг мухбирига маълум қилди. Аввалроқ Жапаровнинг хизматга киришиш маросимига камида 10 млн сом сарфланиши айтилган.

«У инаугурацияни камтарона ўтказишга қарор қилди: йўлларни ёпмай, ортиқча маблағ сарфламай. У халқ қийналаётганда бундай нарсаларни кераги йўқ деб айтди. Шунга яраша ҳозир [маросимнинг] сценарийи ўзгартирилмоқда», — деб айтди Анаркулов.

Президентнинг матбуот хизмати раҳбари ташкилотчилар янги сметани бугун муҳокама қилишади деди. Унинг айтишича, смета «анча» қисқартирилади, сабаби «халқнинг талабига жавоб бериши учун» тадбир имкони борича камтарона ўтиши керак.

Анаркулов инаугурациянинг меҳмонлари коронавирус бор-йўқлигига олдиндан ПЧР-тест топшириши кераклигини қўшимча қилди. Бироқ ташкилотчилар шу ернинг ўзида тест олиш йўлларини қарашмоқда.

«Ташкилий қўмита халқни қийнамаслик учун тестларни ўзи тайёрласа керак, сабаби ПЧР-тест қиммат бўлади. Меҳмонларнинг кўпи — 70-80% — оддий халқ, оддий сайловчилар. Уларнинг имкони йўқ, шу сабаб бу масалани ҳал қиляпмиз», — деди Анаркулов.

Президентлик сайловда ғолиб бўлган номзод Садир Жапаровнинг инаугурацияси 28 январда бўлади. Кўкрак нишони ва штандарт топшириш маросими Бишкекдаги Тоқтоғул Сатилганов номидаги Миллий филармонияда ўтади.

Тадбирга тайёргарликлар сабаб Бишкекнинг марказий кўчаларида йўл тирбандликлари кўпайиб, бу шаҳар яшовчиларининг норозилигига сабаб бўлди. Кейинчалик Патруль милициясидан Жапаровнинг инаугурациясига тайёргарлик бормоқда деб тушунтиришган.

Муассасадан айрим кўчалар кейинги кунлари ҳам тўсилишини айтиб, шаҳар яшовчилари ва Бишкекнинг меҳмонлари ҳаракатни режалаштириб олиши учун ёпиладиган йўлларнинг графигини беришларини айтишган эди.