Вице-премьер-министр Элвира Сурабалдиева Pfizer компаниясининг вакциналарини сақлаш учун USAID ташкилоти махсус музлаткичларни сотиб олиб бермаслигини Twitter саҳифасига ёзди.
Унинг айтишича, соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев Жогорку Кенеш йиғинида нотўғри маълумот берган.
«Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати вазирнинг парламентда ўйланмай айтганлари учун кечирим сўрайди. Маълум бўлишича, USAID музлаткич олиб бериш бўйича ўз хизматини таклиф қилмаган. Соғлиқни сақлаш вазири нотўғри гапирган», — деб ёзди у.
Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев парламент мажлисида АҚШнинг халқаро ривожлантириш бўйича агентлиги Қирғизистонга Американинг Pfizer компаниясини ва Германиянинг BioNTech фирмасининг COVID-19га қарши вакциналарини сақлаш учун махсус музлаткичларни олиб беришини билдирган.
Глобал COVAX альянси асосида Қирғизистонга Pfizer вакцинасининг 1 млн 200 минг дозаси бепул ажратилган. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу вақтгача ўлкада уларни сақлаш учун музлаткичлар йўқлигини билдирган. Вакцина -70⁰ ҳароратда сақланиши керак.
«Қанча музлаткич ва қанча 0,3 мл шприцлар кераклигини ҳисоблаб бердик. Улар бизга 1,2 млн доза бепул беришади. Бизлар улар билан сўзлашдик. Июнь ойига бу музлаткичлар келиб қолади», — деган вазир.
USAID ташкилотининг Қирғизистондаги вакиллиги «Клооп» берган изоҳида музлаткичлар бўйича аниқ маълумот бермаган. Бироқ бу касалликни олдини олиш бўйича қирғиз ҳукумати ва соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бирга ҳаракатлар олиб борилишини билдирди.
«АҚШ КОВИД-19 билан курашда Қирғизистонни қўллаш учун 5 млн АҚШ долларини USAID, АҚШнинг касалликларни назорат қилиш маркази (CDC) ва Давлат департаменти орқали ажратиб берди», — деб айтилади маълумотда.