Конституциявий кенгаш конституциянинг янги лойиҳасини таҳрир қила бошлади

352

Конституциявий кенгашнинг (КК) раиси Бекбосун Бўрубашев «АКИпресс» нашрига Конституциянинг янги лойиҳасини ўзгартириш иши бошланганини билдирди. У кенгашнинг иши қачон битиши ҳозирча номаълум деди.

«Конституциявий кенгаш ишини давом эттирмоқда. Лойиҳани ўзгартира бошладик», — деди у.

Унинг айтишича, ҳозирда Конституциянинг лойиҳаси рус тилига таржима қилинмоқда, ишчи гуруҳ лингвистлар билан ишламоқда.

*Аввалроқ ККнинг иши уч босқичда ўтиб, унинг биринчи тугагани хабар қилинган. Биринчи босқичда секцияларнинг иши битирилган, кейин кенгашнинг аъзолари таклифлари билан тузатишлар киритишган.

Иккинчиси, секцияларнинг матни юристлар билан лингвистларнинг муҳокамасига ўтиши керак. Улар таклиф қилинган матнни кўриб чиққандан сўнг, уни юридик ҳужжатларнинг меъёрига ўтказишади.

Учинчи босқичда ҳужжат ялпи пленар йиғинга чиқарилиб, бу ерда овоз бериш орқали тегишли меъёрлар билан қоидалар қабул қилинади.

Бўрубашев КК ишини якунлаши билан хулоса тайёрлашини таъкидлади.

«Агар хулосага Конституциявий кенгашнинг кўпчилик аъзолари овоз берса, унда бу Жогорку Кенешга юборилади. Шундан сўнг Конституция лойиҳасининг тақдири парламентда ҳал қилинади», — деди у.

Бўрубашев кенгаш Конституцияни ижтимоий сифатга эга қилиб ёзишга ҳаракат қилаётганини ҳам айтди.

Кенгашнинг раиси Конституцияда қандай ўзгаришлар бўлди деб сўраган журналистнинг саволига «сўнгги қарор чиқмади» деб жавоб берди.

«Янги нарсалар ҳақида ҳозирча сўз қилмайлик, сабаби охирги қарор чиқмади. Хулосасиз ўзгаришлар ҳақида айтиб берсам, мен томондан этикага хос бўлмаган иш бўлди», — деди у.

23 декабрда Бўрубашев Бош қонуннинг янги лойиҳасини биринчи варианти тайёр бўлганини, у Жогорку Кенеш депутатларига январнинг бошида кўрсатилишини айтган эди.

Унинг айтишича, лойиҳанинг тузилиши 17 ноябрда муҳокама таклиф қилинган версиясига нисбатан аввалгидай қолган: президентлик бошқарув ва президентнинг ваколатларини кучайтириш, депутатларнинг сонини 90гача қисқартириш ва парламентга пропорционал сайлов системасини бекор қилиш [бу системада овозлар номзодларнинг рўйхати учун қанча овоз берилганига қараб партияларга бўлиштирилган]. Бироқ ўзгартиришлар кўп, инсон ҳуқуқлари ва суд ҳукумати тузилиши ҳақидаги моддалар ўзгарган.

«Бироқ бу вариант устида ишлашни яна давом эттирамиз. Кейин депутатларга берамиз. Менинг фикримча 5 январдан кейин. Бу Жогорку Кенеш сайтига олдин чиқарилган лойиҳада фарқ қилади», — деб айтган у 24.kgга.

Қандай ўзгариш бўлгани номаълум

19 январда Институт Медиа Полиси кенгашининг раиси Бекбосун Бўрубашевга хат йўллаган. Катта юристлар уларга Конституция лойиҳасини таҳлил қилиш ва матнини Жогорку Кенеш сайтида ва ОАВларида эълон қилишни илтимос қилишган.

Юристлар Конституция лойиҳасининг қайси бўлимлари ўзгарганини қирғизистонликлар билмаётганини таъкидлашган. Уни қаердан топиб ўқиса бўлиши тушунарсиз.

«Агар Конституциянинг ушбу лойиҳасини референдум ўтказиш учун пленар йиғинга олиб чиқишса, унда Жогорку Кенешнинг депутатлари ўзгартириш киритишга ҳақли эмас», — деб таъкидлашган юристлар хатда.

20 январда Бўрубашев бунга жавоб бериб, ҳозирда лойиҳанинг қоралама матни тайёр бўлганини, уни буни кўрсатишни ҳожати йўқлигини билдирган.

«Ҳозирда кенгашда янги Конституция қизғин муҳокама қилинмоқда, биз тугатишимиз билан оммага эълон қилинади», — деган у.

Конституция лойиҳасининг биринчи варианти жамоатчиликда норозилик яратган — бу вариантда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларига ҳужумни сезиш мумкин, айрим моддалар бошқаларини инкор қилиб, амалдаги Бош қонуннинг бошқа муҳим қисмлари умуман йўқ бўлган. Президентга чексиз имконият берилган. Конституциянинг янги лойиҳасига Садир Жапаров ҳам таъсир қилгани айтилган — у ўша вақтда премьер-министр ва президент вазифасини бажарган.

Конституциявий кенгаш

Президент вазифасини бажарувчи Талант Мамитов 20 ноябрда Конституциявий кенгаш тузиш фармонини имзолаган. Органга 89 одам кирган. Уларнинг кўпчилиги Садир Жапаровнинг ҳамфикрлари ва тарафдорлари, юристлар, Конституциянинг янги версиясининг муаллифи деб фамилиялари кўрсатилган депутатлар, манасшунослик, қирғизларнинг руҳий дунёси ва анъанавий таълим бўйича мутахассислар, жамоат арбоблари. Кенгаш таркибига бирорта ҳам очиқ оппонент кирмаган.

Афсонавий парламентнинг собиқ спикери Абдигани Эркебаев кенгашнинг таркибини тажрибалилар эмас деб атаган, сабаби у ерда конституциявий ҳуқуқ бўйича юрист-мутахассислар анча оз деб тушунтирган. Собиқ депутат Феликс Кулов ҳам Конституциявий кенгаш «маъқул» позициясига ўтиб олганини билдирган.

Президент вазифасини бажарувчи Мамитов 26 ноябрда кенгаш таркибига яна ўн одамни қўшган. Уларнинг орасида собиқ депутатлар Алмамбет Шикмаматов ва Кантемир Мурзаев, ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлўйкўн Исмаилова ва бир неча «мустақил экспертлар» билан жамоат арбоблари бор.

Шунингдек, Конституциявий кенгашдаги экспертларнинг сафига қўшилишдан депутат Дастан Бекешев билан конституциявий ҳуқуқ бўйича эксперт Сания Токтогазиева бош тортган. Улар кенгашни легитимсиз, аъзолари эса уларнинг таклифларини ҳисобга олмайди ҳамда улар тайёр ҳужжатлар бўйичагина ишлашади деб айтишган.