USAID Pfizer вакцинаси учун музлатгич ва шприцларни беради — ССВ

349

АҚШнинг халқаро ривожлантириш агентлиги Қирғизистон ҳукуматига Американинг Pfizer компанияси ва Германиянинг BioNTech фирмасини COVID-19га қарши вакциналарини сақлаш учун махсус музлаткичларни беради. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев парламент мажлисида билдирди.

Глобал COVAX альянси асосида Қирғизистонга Pfizer вакцинасининг 1 млн 200 минг дозаси бепул ажратилган. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлкада уларни сақлаш учун музлаткичлар йўқлигини билдирган. Вакцина -70⁰ ҳароратда сақланиши керак.

«Қанча музлаткич ва қанча 0,3 мл шприцлар кераклигини ҳисоблаб бердик. Улар бизга 1,2 млн дозани бепул беришади. Биз улар билан сўзлашдик. Июнь ойида бу музлаткичлар келиб қолади», — деб билдирди вазир.

Унинг қўшимча қилишича, 1,2 млн доза Қирғизистон аҳолиси учун етарли эмас, шу сабаб ҳукумат бундан ташқари Россиянинг «Спутник V» вакцинасига топшириқ берган.

«Президент вазифасини бажарувчи Талант Мамитов вакцинанинг 500 минг дозасини бепул юбориш илтимоси билан Россиянинг президенти Владимир Путинга хат йўллади. Қолган ҳисобларни Молия вазирлигига юбордик», — деди Бейшеналиев.

COVID-19га қарши курашиш бўйича республика штабнинг раҳбари ва вице-премьер-министр Элвира Сурабалдиева қирғизистонликларни эмлаш миллий хавфсизлик масаласи бўлиб саналишини билдирди. Шу сабаб бунга имтиёзлар берилади ва ҳукумат «бунга пул топади» деб ишонтирди.

Нотўғри маълумот кетган

Сурабалдиеванинг айтишича, соғлиқни сақлаш вазири Pfizer вакцинасидан бош тортиш бўйича «нотўғри маълумот бериб олгани сабаб» жамиятда хавотир пайдо бўлган.

«Ҳақиқатдан ҳам, биринчи таклиф бўйича 15 минг фуқаро учун 30 минг доза келган. Шунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 15 минг аҳолига етувчи вакцина учун -70⁰ ҳароратни сақлаган музлаткичларни сотиб олиш шартми деган сўз бўлган. Шунда 2 млн доллар деган сон чиққан», — деб тушунтирди Сурабалдиева.

У Pfizerдан ташқари COVAXнинг ташаббуси билан ўлкага келадиган яна 8 вакцина борлигини қўшимча қилди. Унинг айтишича, уларнинг ҳарорат режими америкалик вакцинага қараганда «анча паст».

Сурабалдиеванинг айтишича, Қирғизистонга Москванинг «Спутник V» эмас, Новосибирскдаги «Вектор» марказидан «ЭпиВак Корона» вакцинасининг бир тури олиб келинади.

Республика штабнинг раҳбари хусусий ташкилотларга ҳам коронавирусга қарши вакцинани олиб келишга имкон бериш керак деб ҳисоблайди.

«Қирғизистонликлар эмлашдан ўз ихтиёри билан ўтиши учун клиник синовларнинг барча фазаларидан ўтган ва ЖССТ томонидан маъқулланган вакциналарни олиб келамиз», — деб сўзини якунлади Сурабалдиева.

COVAX — вакциналарни сотиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича марказлаштирилган ташаббус. Мазкур дастур бўйича иқтисоди паст ва ўрта ривожланган мамлакатларга вакциналарни олиб келиш учун унинг бир қисмини донорлар молиялайди.