Бишкекда айрим маршрут таксилар йўл ҳақини 15 сомга кўтаришни талаб қилиб иш ташлашди

326

Бишкекда 18 январда айрим маршрут таксилари йўл ҳақи арзонлаганидан шикоят қилиб, ишга чиқмаган. Ҳайдовчиларнинг иш ташлаши сабаб мэрнинг вазифасини бажарувчи Балбак Тулўбаев фейсбук саҳифасига видео мурожаат йўллади.

Тулўбаевнинг айтишича, ҳайдовчилар маршрут таксининг ҳақини кечиктирмасдан кўтаришни талаб қилишмоқда, бироқ бунинг учун Иқтисод вазирлигида, сўнгра шаҳар кенгашида бир қанча процедурадан ўтиши керак.

«Ўзининг процедураси бор, биз уни Иқтисод вазирлигига юбориб, у ерда таҳлил қилиниб, кейин шаҳар кенгашига киритамиз. Биз тарифни халқнинг ҳолатига қараб, сизлар билан сўзлашиб кўтаришга тайёрмиз. Бунинг учун бизга вақт керак. Апрель ойига шаҳар кенгашига сайлов бўлади, сайловда келган янги кенгаш билан муаммони май ойигача ҳал қилишга ҳаракат қиламиз», — деди Тулўбаев мурожаатида.

Мэр вазифасини бажарувчи иш ташлаган ҳайдовчилар тушгача қатновга чиқмаса, бошқа маршруткаларни йўналишга чиқаришга мажбур бўлишини қўшимча қилди. Сабаби шаҳарликларни ташиш керак.

Кейинчалик шаҳарликлар билан учрашувда Тулўбаев тарифларни йил охиригача йўл ҳақи 15 сомга яқин қилиб, секин-асталик билан кўтаришларини айтди.

Бу вақтгача шаҳар транспорт бошқармаси етакчиси вазифасини бажараётган Улан Бейшенбаев маршрут таксиларнинг ҳайдовчилари иш ташлайдиган бўлса, мэрия йўловчи ташувчиларнинг лицензиясини қайтариб олиш учун Транспорт вазирлигига мурожаат қилишини билдирган.

Ҳайдовчиларнинг иш ташлаши шаҳар мактабларида оффлайн ўқиш бошланган кунга тўғри келди: 1, 5, 9 ва 11-синфнинг ўқувчилари 18 январдан бошлаб мактаб парталарига қайтишди.