«Туғишганларим бўлса ҳам қамоққа олинглар». Жапаров ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилди

398

Президентлик сайловида энг кўп овоз олган Садир Жапаров фейсбук саҳифасида 13-январда ҳуқуқ тартибот органлари ва қирғизистонликларга мурожаат қилди.

Унда у «унинг номини айтиб, жойларда қўрқитиб пул талаб қилаётганлар ҳақида маълумот бор» эканини айтиб, ҳуқуқ тартибот органларини «ким бўлса ҳам қонун бузса чора кўришга» чақирди.

«"Жапаровнинг вакил боласиман, ёрдамчисиман, маслаҳатчисиман” деб, турли жойларга бориб, қўрқитиб пул талаб қилиб, бизнес қилаётганлар бўйича маълумотлар келяпти. Майли ким ьўлса ҳам, ноқонуний ишларни қилса, туғишганим бўлса ҳам зудлик билан қамоққа олинглар. Энди ноқонуний ва адолатсиз ишларга йўл берилмайди!» — деб ёзди Жапаров.

«250 минг доллар талаб қилиш»

Сайловга бир кун қолганда Жапаров қамоқдан чиққандан кейин бирга юрган фаол Мелис Аспеков билан фуқаровий фаол Улан Жураев «Қирғиз темир йўли» давлат ишхонаси раҳбариятидан 250 минг доллар талаб қилишда гумон қилиб қўлга олинган.

Аспеков — Жапаровнинг Чуй вилояти бўйича сайлов штабини бошқаргани айтилган, Жураев ҳам Жапаровни қўллаб Аспеков билан бирга юрган.

Тергов версияси бўйича гумондорлар «молия полицияси ишхонани текширади ва раҳбарига қарши митинг уюштирилади» деб қўрқитиб, «Қирғиз темир йўли»нинг раҳбариятидан пул талаб қилишган.

Мазкур воқеадан кейин Жапаровнинг мухтор вакили Александр Мощин Аспековнинг устидан МСК ва ИИВга мурожаат қилиб, у сайлов штабининг ходими эмаслигини таъкидлаган.

Садир Жапаров 10-январдаги сайловда овоз бериб чиқиб, Аспеков спортчиларга ташвиқот вақтида пул бергани ҳақида айтилгандан сўнг текширув олиб борилиб, уни штабга алоқаси йўқлигини билдирган.

Кейинчалик гумондорлар икки ойга МХДҚнинг тергов изоляторига киритилган.

Жапаровни ҳукуматга келиши

5-октябрдаги парламент сайловининг натижасидан норози бўлганларни митингидан кейин тартибсизликлар содир бўлиб, Оқ уй босиб олингандан сўнг қамоқдаги бир қанча сиёсатчилар бўшатилган.

Садир Жапаровнинг тарафдорлари уни МХДҚнинг ТИЗОсидан 2020-йилнинг 6-октябри тонгида олиб чиқишган.

Шу куни депутатларнинг айримлари — кўпроқ «Биримдик» ва «Мекеним Кыргызстан» партияларидан номзод бўлганлар — «Достук» меҳмонхонасида тезкор йиғин ўтказишган. Шундан сўнг Жапаров премьер-министр қатори тасдиқланганини билдиришган.

Бироқ депутатларнинг бошқа бир қисми йиғинда кворум бўлмаганини айтишган. 10-октябрда халқ вакиллари яна бир марта йиғилиб, Жапаровнинг номзодини қўллашган. Бу вазиятда ҳам кворум бўлмаган. Вице-спикер Аида Касималиева депутатларга нисбатан таҳдид бўлганини ва улар босим остида келишган деб айтган.

Учинчи ҳаракатдан кейин 14-октябрда депутатлар Жапаровни премьер-министр қатори легитимлаштирган ва у министрлар кабинетини янгилаган. Парламентнинг қарорини ўша вақтдаги президент Сооронбай Жээнбеков қўллаб берган.

15-октябрда Жээнбеков хизматни топширган. Унинг истеъфосини Жапаров ва унинг тарафдорлари талаб қилишган. Жээнбеков ўзи эса хизматини «қон тўкилмаслиги учун» топширганини айтган.

Кейинчалик 20-октябрда Жапаров расмий турда Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган. Шундан сўнг олий давлат лавозимларига партиядошлари ва дўстларини олиб келган.

МХДҚнинг раиси этиб яқин дўсти ва «Мекенчил» партиясининг лидери Камчибек Ташиев тайинланган. Бош прокуратурани ҳам бир мекенчил Курманкул Зулушевбошқара бошлаган.

Муддатсиз президентлик сайлови белгиланганда у президент вазифасини бажарувчи хизматини топшириб, ваколатларини «қамоқда ўтирган вақтда революцияни амалга оширишга бирга тайёрланган» сафдоши ва парламент спикери Талант Мамитовга ўтказиб берган.

Ҳукумат раҳбари ваколатларини бажаришни Жапаров вақтинча тўхтатиб, бу вақтда министрлар кабинетининг етакчиси вазифасини бажариш ҳуқуқи вице-премьер-министр Артём Новиков зиммасига ортилган.

Президентлик сайлови ва бошқарув формасини танлаш бўйича референдум 10-январда ўтиб, 14-январга кўра дастлабки натижалар бўйича Садир Жапаров 79.25% билан олдинда келмоқда. Жапаров ўзи таклиф қилган референдумда президентлик бошқарув формаси ҳам 81.45% билан олдинда.

Жапаров ҳозирда ҳукумат раҳбарлиги хизматини топширмаган — у буни инаугурациядан кейин қилади.