Ҳозирда интернетсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Биргина смартфон ёрдами билан кўплаб маълумотларга эришиш мумкин. Улар фойдали ҳам, хавфли ҳам бўлиши мумкин. Шу сабабдан, ёшларнинг интернетдаги турли экстремистик тўрларга тушиб қолмаслиги учун яна айни ёшларнинг ўзи ташаббуслар билан чиқишмоқда.
Фахриддин Камилов 19 ёшда. Ўзи яшаган Қорасув туманининг Қашқар-Қишлоқ қишлоқ ҳукуматида ёшлар билан ҳамкорлик қилишади. Махсус марказ ҳам очишган. Турли тадбирларни уюштириб, ёшларнинг бошини бирлаштиради. Кўп вақтини тенгдошлари ҳамда мактаб ўқувчилари учун бағишлайди.
Унинг истаги ёшларни тўғри йўлга йўналтириш. Вақтларини турли чалғитувчиларга эмас, фойдали ишларга бағишлашга ундайди.
Ҳозир ёшларнинг бари интернетдаги воқеаларни таҳлил қила олади деб айта олмаймиз. Шу сабабдан турли диний экстремистик оқимларга мойил бўлиб кетишлари ҳам мумкин. Бизнинг марказ шу каби ҳолатларнинг олдини олишга, ёшларни тўғри йўлга жалб қилишга ҳаракат қилади.
У ёшларнинг нотўғри йўлларга тушиб ёки радикаллашиб кетишининг асосий сабабларидан бири билимнинг ва лидерлик сифатининг пастлиги деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, лидерлик сифати бўлмаган ёшларни қандайдир бир кучларнинг бошқариши қулай.
«Ёшларнинг маданиятини ривожлантирмагунча уларнинг радикаллашиб кетишининг олдини олиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳар бир ўсмир бола билан ишлаш керак. Мактабдан, уйдан ташқари вақтда ҳам жамоатчилик ишларига ҳам аралаштириб, ҳис-туйғу, дунё қарашларини кенгайтириш керак. Саводли бўлишни, мустақил фикрлашга, лидерлик сифатларини ривожлантиришга йўналтирилган ишларни амалга ошириш лозим»
«Ота-она ва фарзандлар ўртасида ўзаро алоқа йўқ»
У қўшимча қилганидек, диний радикализмнинг пайдо бўлаётганига яна бир сабаб ота-она билан болаларнинг ўртасидаги алоқанинг йўқлиги, миграция ҳам ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда.
«Бизнинг ёшлар маркази айни вақтдан 30 нафардан ортиқ ёш лидерлар билан диний радикализмнинг олдини олиш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Уларнинг бўш вақтини қандай қилиб тўғри қўлланишига кўмак берамиз. Тўғри маълумотлар, турли курслар уюштирилади. Бизнинг мақсадимиз тинчлик қуриш, зўравонликнинг олдини олиш ҳамда ота-она билан фарзанд ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш. Ҳозирда ушбу йўналиш бўйича ишларни олиб бормоқдамиз»
Шунингдек Фахриддин Камилов ишлаган марказ ёшларни илҳомлантириб олий ўқув юртларида таълим олишига йўл кўрсатиб, ёрдам беради.
Маълумотни тарозига солиб кўриш
Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси 9 декабрда ўтказган матбуот анжуманида мамлакатда диний вазият барқарор, аммо радикаллашиш жараёни жиддий бўлаётгани айтилди.
Анжуманда ИИВнинг вакили Манас Аманбаев ижтимоий тармоқларда турли фикрларни қўллаган ҳамда мазкур оқимнинг аъзолигига чақириқлар кучайиб бораётганини билдирди.
Унинг айтишича, ҳозирги радикаллашувда ижтимоий тармоқларнинг ўрни катта бўлаётганига сабаб турли фейк аккаунтлардан эълон қилинган маълумотларни ва чақириқларни назорат қилиб олдини олиш имкони бўлмаётганидадир.
Бундан ташқари интернетда дунёвий радикализм билан диний радикализм ўзаро қарама-қаршилиги кучайди. Асосан радикаллашув диний саводсизлик сабаб кўпаймоқда.
«Ижтимоий тармоқларда чиқаётган маълумотларнинг чеки йўқ. Ўша маълумотларнинг тўғри ёки нотўғрилигини ёки расмий маълумотми ёки бошқа бир манбалардан тарқалаётган маълумотми деб таҳлил қилиб кўрмай туриб ушбу маълумотларни олгандан сўнг, бизнинг фуқароларимиз айниқса экстремистик ҳамда террористик мафкураларга берилиб, тезда чақириқларга эргашиб кетиб, бугунги кунда катта муаммоларни пайдо қилмоқда. Шунинг учун биз жамоатчилик олдида бугун чиқиб айтмоқдамиз. Ёшлар билан ҳамкорлик қилганда биз нималарга эътибор қаратишимиз керак»,- деди Аманбаев
"Дин ҳақида кенг тушунчага эга бўлганлар тузоққа тушмайди. Саводли бўлиб, танқидий фикр юритиш лозим"
2010-йил Москва шаҳри. Диний таълимга катта қизиқиши бўлган қирғизистонлик муҳожир Эмил Мамитов интернетда араб давлатларида билим олиш ҳақидаги маълумотлар билан танишиб қолади. Ўша вақтда Сурия мамлакатида уруш бошланмаган эди.
У бир қанча араб давлатларидаги университетларнинг рўйхатини кўриб чиқиб, уларни орасидан диний таълим олиш учун Сурияни танлайди. Чунки у ерга виза олиш осон. Иккинчидан, ўқув юртларининг шароит даражаси қаноатланарли бўлган. Бу вақтгача Эмилбек Ўш шаҳрида жойлашган тил курсларининг бирида бир йил мобайнида араб тилини ўзлаштириб олган экан.
Шундай қилиб, у 2010 йилнинг апрель ойида Москва шаҳридан Суриянинг пойтахтига ўқишга боради. У бир неча кун давомида Дамашқ шаҳридаги университетларни айланиб, охири Ислом институтида уч ойлик тил курсига қабул қилинади. Кейин шу институтнинг шариат илми ва араб тилини ўргатиш бўйича хорижликлар ўқийдиган бўлимига қабул қилиниб, ўқишни бошлайди.
Уруш авж олган вақтда Дамашқ шаҳрида ўқиган талабаларнинг ҳаммаси ўз юртига қайтишга мажбур бўлди. Эмилбек қўшимча қилишича, у таҳсил олган вақтда урушда қатнашиш учун даъват қилганлар бўлмагани сабаб пойтахт нисбатан хавфсиз бўлган.
Шунинг учун у ёшларни турли тузоқларга илиниб қолмаслик учун саводли бўлишга, чуқур билим олиш, танқидий фикр юритишга чорлайди. Ҳар қандай маълумотга ҳам ишонавермасликка, эҳтиёт бўлишга чақиради.
Давлатнинг ҳаракати
"Ҳар бир вилоятда маҳаллий ҳукумат, ички ишлар бошқармалари, миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси, вилоят ва шаҳар қозиятлари ҳамда дин ишлари бўйича комиссияси билан бирга бир йиллик иш режалар қабул қилинади. Унинг доирасида мактабларда, касб ҳунар юртларида ва ОЗЮларда, аҳоли кўп тўпланган ерларда, йиғинларда тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Бундан ташқари нодавлат ташиклотлар билан бир қатор ишларни бошладик",- деди Эсенов.
У 2021-2026 йилларга диний концепциянинг янги лойиҳаси аввалгига қараганда аниқроқ ёзилганини қўшимча қилди. Унда асосий беш йўналиш бўйича иш олиб борилади.
- Давлат ҳуқуқий демократиясининг дунёвий асосларини мустаҳкамлаш;
- Давлат концептуал муносабатлар субъектининг салоҳиятини кучайтириш ва ҳамкорлигини кенгайтириш;
- Диний ва диншунослик бўйича таълим тизимини ривожлантириш;
- Дин соҳасидаги ахборот сиёсати.
- Диний асосдаги келишмовчиликларнинг олдини олиш ва муаммони бартараф қилиш сиёсати;
Дин комиссияси барча тегишли томонлар билан биргаликда олиб борилган тушунтириш ишлари яхши натижа бериб, кўп салбий воқеаларнинг олдини олади деб ҳисоблайди.