«Бакиевларнинг режаси амалга ошди». Абдил Сегизбаев сайлов натижасини тан олмайди

105

Президентликка номзод Абдил Сегизбаев ўзининг фейсбук саҳифасида жонли эфирга чиқиб, сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини билдирди.

«Кеча Сооронбай Жээнбековнинг атрофида бўлганлар шу ой ичида Садир Жапаровго ишлашди. Қолаверса, бошқа номзодларга ишлаган фаолларни қўрқитиш учун криминалитетдан фойдаланди. Албатта, ҳукумат томонидан бошқа номзодларга нисбатан босим бўлганини сездик, дебатларда бўлган жараёнларни ҳам кўрдик. Сайлов жараёни босим остида бўлди, тенг ҳуқуқлилик бўлмади», — деди Сегизбаев.

Бундан ташқари, у сайловнинг натижаси фальсификация бўлганини ва «Максим ва Жаниш Бакиевларнинг режаси амалга ошганини» қўшимча қилди.

МХДҚнинг собиқ раиси Сегизбаев бу вақтгача бўлган дебатларда Садир Жапаров қочқин президент Курманбек Бакиев билан бўлган алоқаси ҳақида айтган. Жапаров 2008-2010-йиллари Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий агентлигининг комиссари бўлган.

Дастлабки ҳисоблар бўйича Сегизбаев 1,47% овоз олган. Биринчи ўринда эса Садир Жапаров келмоқда — у сайловчиларнинг 79,22% овозини олди.

Қирғизистонда 10-январда бўлиб ўтган президентлик сайловида 3 563 574 сайловчидан 1 368 716 овоз берди. Мазкур маълумотлар янгиланади.