«Биримдик» ва жангчилар. Ўшда сайловда журналистларга кимлар ҳужум қилган?

432
Манас Алмаматов, Достук Жолдошов ва Нурбек Исмаилов. Коллаж: «Клооп»

Ўш шаҳрида 4 октябрдаги парламент сайловида «Клооп»нинг тасвирчиси Хамидулло Узаковга ва журналисти Айбике Адилет қизига ҳужум бўлган. Журналистларга №5316 сайлов участкасида жонли эфирга чиқишга Ўшнинг полигон раҳбари Достук Жолдошов ва Ўш аэропортининг ходими Манас Алмаматов тўсқинлик қилишган. Милиция тасвирчини ишини тергов қилиб, ишни қисқартирди. Бироқ «Клооп» ҳужумни ўзимиз текшириб, терговда яширилган аҳамиятли фактларни аниқладик.

Ҳужум қандай бўлган?

Ўш шаҳридаги «Памир» кафесида жойлашган №5316 сайлов участкасига «Клооп»нинг тасвирчиси Хамидулло Узаков ва журналисти Айбике Адилет қизи соат 13:40 атрофида жонли эфир ўтказиш учун келишган. Узаков жонли эфирга тайёрланаётганда ортидан номаълум киши келиб, сабабсиз бўйнига урган. Шундан сўнг тасвирчининг қўлидаги смартфонни тортиб олишга ҳаракат қилган. Бироқ Узаков бермагандан сўнг ҳужум қилган бола қочиб кетган. Мазкур воқеага Ўш ШИИБининг ходимлари ҳам гувоҳ бўлишган. Бироқ улар номаълум кишини тўхтатишга ҳаракат қилмаган.

Шу сабаб «Клооп»нинг журналистлари воқеа такрорланиши ҳақида огоҳлантириб, милициядан ҳужум қилган кишини ушлашни талаб қилишган. Лекин мурожаатга ҳуқуқ тартибот органларининг ходимлари эътиборсизлик қилиб, бирор чора кўришмаган.

— Менга қўл кўтаряпти, нимага ушламаймиз?

— Сенга қўл кўтармади, дўстинг бўлса керак деб ўйлабмиз.

— Йўқ, айтдик қўл кўтарди деб, бориб реакция қилмайсизларми? У кетди. Бироқ ҳеч ким кафолат бермайди-ку у қайтиб келмаслигига. Сизлар реакция қилинглар, бу [тасвирчи] билдиряпти-ку.

— Биз ҳозир кўрдик-ку?

— Ҳозир кўрдингиз, энди реакция қилинглар бориб. У [оператор] сизларга [унга номаълум одамлар] қўл кўтарганини айтди. Нима учун унда реакция қилмаяпсизлар? Реакция қилиб бизга [ҳужум қилган фуқарони] ҳаммасини аниқлаб беринглар. Сизлар ҳуқуқ тартибот органлари биз журналистларни, фуқароларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишингиз керак. Нима учун [уриб қочиб кетган кишини] ортидан бормаяпсиз?

— Мен бу томонни қарайманми ёки қайси томонни қарайман?

— У ерда йўқ [бошқа милиция ходимлари] бор. Бу сизни вазифангиз. Юринг.

Тасвирчи билан журналист тахминан 20 дақиқадан кейин жонли эфирга чиқишга тайёрланишган. Шу вақтда номаълум киши келиб Айбикега «нимага тасвирга оляпсан» деб савол берган. Адилет қизи журналистик гувоҳномасини кўрсатиб, унга тўсқинлик қилмасликни сўраган. Хамидулло Узаков эса жонли эфирга чиқиб, номаълум кишидан «биринчи ҳужум қилган бола билан бирга юрганини» кўрганини айтиб, «у ким ва қаерга кетди?” деб сўраган. Шунда бу бола ҳам тасвирчининг телефонини тортиб олиб, сайлов участкаси томонга кетган. Узаков ортидан югуриб борганда у телефонни участка яқинида турган аёлга ушлатаётган бўлади. Шунда Узаков телефонни тортиб олиб, эфирни давом эттиришга ҳаракат қилган.

Бунга гувоҳ бўлган Айбике милиционерлардан ёрдам сўраган. Бироқ у бақириб ёрдам сўрашига қарамай, милиция журналистларга тўсқинлик қилганларни ушлаган эмас. Шундан сўнг номаълум бола яна Айбике томонга келиб, унинг телефонини тортиб олишга ҳаракат қилганда, у қаршилик қилиб бермаган. Кейин ҳужум қилган одам сайлов участкасига кириб кетган.

Икки киши қочиб кетгандан кейин ҳуқуқ тартибот органи ходимлари тезкор-тергов гуруҳини чақиришган. «Клооп»нинг журналистлари эса тезкор-тергов гуруҳи келганда ариза ёзиб, шундан сўнг Ўш ШИИБига келиб терговчи томонидан сўроқ қилиниб, воқеани айтиб беришган.


«Юқоридагилар асосида, мен ва ҳамкасбим Айбике иккимизнинг журналистик фаолиятимизга тўсқинлик қилиб, ҳужум қилган икки болани топиб, уларга нисбатан қонун доирасида чора кўришни сўраганмиз», — деб ёзган Узаков ўз аризасида.


Шу куни ариза ёзиб келгандан кейин «Клооп»нинг ходимлари воқеа жойида тасвирга олинган видеоларни кўриб чиқиб, ҳужум қилганларнинг бири грепплинг бўйича спортчи Достук Жолдошов эканини аниқлашган. Бундан ташқари у «Ош-Тазалык» муниципал ишхонасида ишлайди деган маълумот ҳам борлиги айтилган. Бу ҳақда 4 октябрда Kloop.kg сайтига мақола жойланган.

Достук Жолдошов. Сурат: Жолдошовнинг фейсбук саҳифасидан олинди

Милиция Узаковнинг ишини қандай тергов қилди?

Милиция Узаков билан Адилет қизининг аризасини бошқа-бошқа рўйхатга олган. Узаковнинг ишида тўрт киши тушунтириш хати ёзиб берган. Бироқ уларнинг учовини мақоми номаълум бўлган ва улар сайлов куни №5316 сайлов участкасида нима қилиб юргани ҳам номаълум.

«Тахминан соат 14:20 атрофида ҳеч қандай жанжални кўрмадик ва журналистларга ҳужум бўлганини билмадик», — деб ёзиб беришган Адилова, Садикова ва Узакова исмли аёллар.

Бундан ташқари, гувоҳ деган мақом билан Достук Жолдошов сўроқ қилингани ёзилган. Бироқ ҳужжатларга кўра, у тушунтириш хати ёзиш билан чекланган. Жолдошов сўроқ қарорида «хусусий тадбир» деб кўрсатилган.

Тушунтириш хатини Жолдошов 14 октябрда, воқеа бўлган кундан ўн кун ўтиб ёзиб берган. Унда спортчи «Памир» кафесига дўстлари билан тушлик қилиш учун борганини айтган.


“2020 йилнинг 4 октябрь куни соат 13:00лар атрофида Ўш шаҳрининг Аскар Шакиров кўчасида жойлашган «Памир» кафесига тушлик қилгани дўстларим билан боргандим. Бу ернинг чап томонида сайлов бўлаётган экан. Биз ташқарида турсак номаълум одамлар тасвирга ола бошлади. Мен уларга «олманглар» деб мурожаат қилдим. Улар тасвирга олишни давом эттирганда, телефонини тортиб олдим, «олманглар» деб тушунтириб қўлларига бердим», — деб ёзган Жолдошов тушунтириш хатида.


Шунингдек у «қарасам милиция ходимлари юрган, улар ўз ишини аниқ ва тўғри бажараётганди» деб сўзини якунлаган. Бошқа нарсалар ҳақида гапирмаган.

Узаков терговчига суд-тиббий эспертизадан ўтишнинг ҳожати йўқлигини, журналистларнинг асосий шикояти уларнинг ишига тўсқинлик қилингани бўйича эканини айтган. Бироқ экспертиза тайинланиб, унинг натижаси билан Узаковнинг танасида бирор бир жароҳат аниқланган эмас.

Терговчи Таджиев Узаковнинг ишини 31 октябрда қисқартиргани маълум бўлди. У ўз қарорида ишни қисқартирилиши Узаковга тайинланган суд-тиббий экспертизанинг натижасига боғлиқ. Шунингдек ҳужум қилган Жолдошовнинг мақоми «гувоҳ» деб ёзилган. Икки томонлама юзлашув бўлмаган. Таджиев бошқа ҳеч кимни сўроқ қилмаган ва ҳужум қилганларнинг бирортасини ҳам топмаган.

Адилет қизининг иши ҳозирда ШИИБнинг терговчиси Илим Гуламов томонидан тергов қилинмоқда.

Негатив, палов

«Клооп»нинг журналистлари Достук Жолдошовдан интервью олиш учун уч ҳафта олдин чиқинди майдонига борганда, у иш жойида бўлмаган. Телефон орқали боғланганимизда интервью беришдан бош тортган. Кейинчалик «Ош-Тазалык» ишхонасининг раҳбари Нурбек Исмаиловдан интервью олдик.

У ўзи сўзида Жолдошовни журналистларга ҳужуми бўйича маълумоти йўқлигини ва ишни ҳуқуқ тартибот органлари кўриб чиқиши керак деган фикрни билдирди. Шунингдек у сайлов куни ўзи ҳам, Жолдошов ҳам «Биримдик» партияси учун ишламаганмиз деб ишонтирди.

«Агар шу куни қонунни бузса ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари бор. Уларга мурожаат қилиш керак. Улар масъул, ҳозирги қонун бўйича ЖУРга ёзиб, шу асосида иш қўзғалади-да», — деди Исмаилов.

Исмаилов билан суҳбатлашгандан кейин Жолдошов «Клооп» журналистларининг саволларига телефон орқали жавоб берди. У №5316 сайлов участкасига «ошга буюртма бериб, овқатлангани борганман» деб таъкидлади.


«У кафенинг эгаси билан яқинмиз. Бу ердаги участкада мен ишламасам. Ҳа, у ерда сайлов бўлаётганди, бироқ мен ўз ишларим билан юргандим-да», — деди у.


Бундан ташқари, у ошхонанинг ёзги қисми ишлаётганини айтди. Бироқ шу куни «Памир» кафеси тўлиқ ишламаган. Бу ҳақда «Клооп»га унинг маъмури тасдиқлаган.

Шунингдек, Жолдошовнинг версияси бўйича, номаълум одамлар уни видеога олаётганда телефонни тортиб олиб, жонли эфирни ўчириб, яна қайтариб берган. Бироқ у телефонни олиб кетгандан кейин уни сайлов участкасининг ёнидаги аёлларнинг бирига бераётганда тасвирчининг ўзи қўлидан тортиб олган.

Ўш шаҳридаги «Памир» кафесида жойлашган №5316 сайлов участкаси. Сурат: «Клооп»

№5316 сайлов участкасида Жолдошов нима қилиб юрган?

Мазкур участкада партияларнинг биридан кузатувчи бўлган *Арген журналистларга интервьюни очиқ беришни истамаган. У исмини ўзгартириб беришни илтимос қилди.

Аргеннинг айтишича, Достук Жолдошов «Биримдик» партиясига тегишли бейджик тақиб юрган. Шунингдек у бир кун олдин ногирон одамларнинг уйларига бориб, овоз бериш жараёнига ҳам қатнашган. Шу сабаб Арген Достукни эслаб қолган.

«Сайлов куни бир ўриндиқда ҳеч ким ўтирмаган. Ҳаммаси назорат қилиб, қараб юрган, бироқ мени билишимча улар ҳаммасини олдиндан режалаштириб қўйишган. Шу «Биримдик»ни сайласангиз дегандай. Сайловчиларнинг ёнига ҳам боришган. Бошқа кузатувчилар жим ўтиришган, биз ҳам ўтирганмиз. Ҳеч нарса қилолмаймиз шекилли деб. Кейин беш-олти партия акт ёздик. Сайлов охирида актни қараймиз деб сўзлашган эдик. Ҳеч қарамай, ҳаммаси кетиб қолишган», — деб тушунтирди у.

Кузатувчи Жолдошов ва бақувват йигитлар сайловчилар чиқувчи эшикдан одамларни киритиб, сайлатишганини билдирди. Акт ёзишга мана шу кўриниш сабаб бўлган дейди.

«Достук ва унинг ёнидагилар қайта-қайта кириб-чиқишган. Тўполон бўлганда «эшикларни ёпинглар» деганда ҳаммамиз қарадик. Ҳеч кимни киритмади. Улар эса икки эшик бўлгани учун бу томондан ҳам, орқа томондан ҳам кириб-чиқишди», — деди у.

Шунингдек у «Биримдик»нинг кузатувчилари «бейджикни навбатма-навбат тақиб юришган» деб таъкидлади.

Чап томондан учинчи Нурбек Исмаилов ва ўнг томондан иккинчи Достук Жолдошов. Сурат: Жолдошовнинг фейсбук саҳифасидан олинди

№5316 сайлов участкасининг ҳудудий комиссиясининг раисаси Тамара Савишко Достук Жолдошов «Биримдик» партиясининг вакили эканини тасдиқлаган. Унинг айтишича, Жолдошов сайлов тугагунча участкада юрган.


«У штабнинг вакили қатори бизга келиб текшириб юрган, рўйхатларни кўрган. Ҳа, келиб турган. Бу ерда у «Биримдик»нинг вакили қатори юрган», — деди у.

Шунингдек, Савишко сайлов куни «Памир» кафеси ишламаган деб аниқлик киритди. Бу маълумотни чойхонанинг маъмури ҳам «Клооп»га тасдиқлади. Бироқ Жолдошов тушунтириш хатида тушлик қилишга келганини айтган эди.


«У штаб учун яқин жойдан бир хона ижарага олган. Улар ҳозир ҳам ўша ерда ишлашяпти», — деб тушунтирди раиса.

«Клооп»нинг журналистлари Савишко айтган манзилга борди. Бир хонали бинода икки аёл ва бир киши ишлаётган экан. Хонадаги жиҳозларга «Биримдик» партиясининг логотипи ёпиштирилган. Столнинг устида эса президентликка номзод Садир Жапаровнинг сурати туширилган ташвиқот материалларини кўрдик.

Аёлларнинг бири бу ер олдин «Биримдик»нинг, ҳозир эса Жапаровнинг штаби эканини тасдиқлаган.

«Биз олдинги сайловда ишламаганмиз. Бу бинони ким ижарага олганини ҳам билмаймиз, у болалар билан учрашмадик. [...] Биз сайловга ўзимиз яшаган жойдаги сайловчиларни рўйхатга оляпмиз», — деган у.

«Клооп»га интервью берган аёл Жолдошовни танимаслигини, парламент сайловида ишламаганини айтгани билан у сайлов куни №5316 участкада юрган.

Буни Kaktus нашрининг «Клооп» журналистларига бўлган ҳужумдан кейин участкадан олиб берган жонли эфири тасдиқлайди. Унда милиционерга кўрсатма бераётган аёлларнинг бири штабда бизга интервью берган аёл экан. Жонли эфирда Kaktus нашрининг мухбирига аёллар журналистларга ҳужум қилганини кўрмаганини айтишди.

Кузатувчиларнинг бири «Клооп»га бу аёллар сайлов куни «Биримдик» учун ишлаган деб билдирди.

Биринчи скриншот Kaktus нашрининг видеосидан олинди, иккинчи суратни «Клооп»нинг журналистлари олган
Ҳозирда Садир Жапаровнинг №5316 сайлов участкасининг ёнидаги штабда олинган сурат

ҲСКнинг котиби Алмазбек Маражапов ҳужумга эмас, қандайдир бир можарога гувоҳ бўлганини айтди.

«Мен участкадаги қўшимча эшикдан чиқаётганимда бир қиз [журналист югуриб келган] . унинг ортидан яна беш милиционер келди. Унгача икки бола участкага югуриб кириб кетди. Улар кириб бошқа эшикдан чиқиб кетишди. Шу сабаб [журналист қиз] менга «Ака қарамайсизми?” деб бақирди. Нима бўлаётганига тушунмадим», — деди у.

Маражапов ўзи ҳуқуқ тартибот органларига бақирганини эслайди. У милиционерларга «бир участкани эплай олмайсизларми?” деб савол берганини айтди.

«Қайси партиянинг вакили экани бизни қизиқтирмайди»

Юқорида айтилган фактлар бўйича «Клооп» Ўш ШИИБидан изоҳ олишга ҳаракат

Замир Сидиков

қилди. Бошқарманинг матбуот котиби Замир Сидиковнинг айтишича, Жолдошовни ким бўлиб қаерда ишлагани, қайси партиянинг вакили бўлиб ишлагани терговда аҳамиятга эга эмас.

«Ҳужум қилган фуқаро қаерда ишлайди, нечта боласи бор, аёли ким, исм-фамилияси ким бу тергов ишини қизиқтирмаслиги керак. Тергов шундай хулоса чиқарди. Даъво ва аризалар бўлса юқори инстанцияларга мурожаат қилиш керак. Унинг шахси, касби терговда муҳим роль ўйнамайди. Қайси партиянинг вакили бўлгани бизни умуман қизиқтирмайди», — деди Сидиков.

Бу изоҳлардан кейин Жолдошовни милицияга сўроқ бераётганда «палов» егани борганман деб «ёлғон кўрсатма бергани ҳам Ўш ШИИБини қизиқтирмайди» деган тушунча келади.

Шунингдек, Сидиков «нимага юзлаштирилмаган» деган саволга «тергов хизмати ўзи ҳал қилади» деб жавоб берди. Ўш ШИИБдан сайлов куни журналистларга бўлган ҳужумга гувоҳ бўлиб, бироқ чора кўрмаган милиционерларнинг устидан хизмат текшируви бошланди деб ишонтиришган.

Бироқ бунинг натижаси бўйича ИИВдан изоҳ олишни имкони бўлмаган. Вазирликнинг матбуот котиби маълумотга аниқлик киритилаётганини билдирди.

«Клооп» биринчи ҳужум қилган болани ҳам топди

«Клооп» тасвирчи Хамидулло Узаковга Жолдошовдан олдин ҳужум қилган болни ҳам топди — унинг юзи телефонни тортиб олишга ҳаракат қилган вақтда камерага тушиб қолган.

«Клооп» номаълум кишини топиш учун маҳаллий спортчиларга мурожаат қилиб, суратини кўрсатиб кўрди. Деярли уч ойдан кейин камерага тушиб қолган киши грепплинг билан шуғулланган спортчи Манас Алмаматов экани аниқланди.

Алмаматов фейсбукдаги саҳифасида Ўш аэропортида ишлаганини таъкидлаган. Маълумотни Ўш аэропортининг матбуот хизмати тасдиқлади. Шунингдек буни унинг бошқа ходимлар билан бирга мукофот олгани ҳақида аэропортнинг сайтида эълон қилинган маълумот ва иш ўрнида тушган суратлари тасдиқлайди.

Манас Алмаматов. Скриншот «Клооп»нинг видеосидан олинди. Сурат: Манас Алмаматовнинг фейсбук саҳифасидан олинди

Журналистлар Жолдошов телефонни олиб қочишдан олдин ундан Алмаматовни таниш-танимаслигини сўрашган — сабаби тасвирчи ҳужумгача иккисини бирга ташқарида турганини кўрган. Жолдошов Алмаматовни танимаслигини айтиб, телефонни тортиб олган.

Инстаграмда Алмаматов Жолдошовга обуна бўлиб, унинг Фейсбук саҳифасида уларни машғулот залида бирга тушган сурати бор.

«Клооп» Манас Алмаматов билан боғланган. Унинг ўзи журналистларга ҳужум қилганини инкор қилмоқда. Унинг айтишича, у сайлов куни №5316 сайлов участкасида бирор бир партияга ишлагани эмас, шунчаки ёнидан ўтиб кетаётган бўлган.

“«Глобус»нинг ёнида машина ювиш жойи бор. Шу ерда кўп бораман. Шу куни "мойка"га машинани ташлаб келаётгандим. Олдинда кимдир тасвирга олаётган эди. Кейин «нега оляпсан» деб камерага қўлимни тўсиб ўтиб кетдим. Журналист эканини билмадим. Журналистлар бейджик билан юради-ку», — деб тушунтирди Алмаматов.

Бироқ Узаков Алмаматов томонни олмаган, у сайлов участкасининг ташқи томонини тасвирга олаётган бўлган. Бундан ташқари, Узаков ҳам, Адилет қизи ҳам бейджик таққан. Буни тасвирга тушган кадрлар тасдиқлайди.

Достук Жолдошов, Нурбек Жолдошов ва Манас Алмаматов. Сурат: Манас Алмаматовнинг фейсбук саҳифасидан олинди

Шунингдек Алмаматов Достук Жолдошовни танишини тасдиқлади, бироқ у билан «муносабатим йўқ» деб билдирди. Бироқ журналистларнинг саволларига жавоб бераётиб Достукни «ака» деб атади.

Ўш ШИИБнинг матбуот котиби Замир Сидиков 4 октябрда воқеага алоқаси бор бир фуқаро милицияга олиб келинганини айтган. Ўз кўрсатмасида мазкур фуқаро «мендан рухсат сўрамасдан видеога олди. Ҳеч қандай журналист эканини билмадим. Бейджик ва нимчаси йўқ эди деган. Бироқ унинг исми очиқланмаган.

Узаковнинг ишида фақатгина Достук Жолдошов сўроққа чақирилган. Алмаматовнинг номи эса ишда тилга олинмаган. Бироқ Жолдошов кўрсатмасида «провокация ёки бейджик» ҳақида сўзламайди.

«Клооп» иш бўйича судга мурожаат қилди

Ўш ШИИБи тасвирчи Хамидулло Узаковнинг аризаси бўйича ишни қисқартиргандан сўнг «Клооп» бу бўйича терговчининг устидан шаҳар прокуратурасига мурожаат қилган. Бироқ прокуратура аризани қабул қилмаган. «Клооп Медиа» жамоат фонди судга шикоят қилиш учун ҳужжатларни тайёрлаяпти.

Суриштирувчи журналист Идирис Исаков ҳукуматни ҳимоя қилган спортчилар жазосиз қолишини билгани учун ҳам журналистларга ҳужум бўляпти деган фикрда. Бунинг сабабини у «Қирғизистонда куч структуралари, назорат, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, шунингдек суд органлари сиёсий қурол бўлиб қолган» деб билдирди.

“«Биримдик»нинг манфаатини ҳимоя қилган спортчиларга ҳеч қандай жазо қўлланилмайди, уларга ҳамма жойда яшил чироқ ёниб, қилган жиноятларига кўз юмилади. Агар бошқалардан қилт деган хато кетса, улар кечирилмайди. Ҳозир мана шу қоидалар билан яшаяпмиз», — деди у.

«Клооп» Ўш мэриясига ҳам мурожаат қилиб, полигон раҳбари Достук Жолдошовнинг журналистларнинг ишига тўсқинлик қилиб, ҳужум қилиши бўйича хизмат текшируви олиб боришни ва уни хизмат вақтида «Биримдик» партияси учун ишлагани бўйича ҳам чора кўришни сўраган.

Мериянинг матбуот хизматидан суриштирув эълон қилинишидан олдин Жолдошов хизматдан кетиш ҳақида ариза ёзганини ва «Ош-Тазалык»нинг етакчиси Нурбек Исмаилов аризани қабул қилганини билдиришди. Мэриядан Жолдошовнинг ишдан кетишига журналистларга ҳужум қилиши бўйича мурожаат сабаб бўлган дейишди.

«Биз мерия қарор чиқара олмас эканмиз. Шу сабаб ишхона етакчиси қарор қабул қилиб, бугун ишдан кетди. Нурбек Исмаилов иккиси сўзлашгандан сўнг ўз аризаси асосида кетди», — деб тушунтирди мериянинг матбуот котиби Азамат Абсаттаров.

Лекин расмий турда Жолдошовга чора кўрилмаган, у ўз аризаси асосида ишдан бўшатилган.

Достук Жолдошов ва Нурбек Исмаилов. Сурат: Жолдошовнинг фейсбук саҳифасидан олинди

Достук Жолдошов ва Нурбек Исмаилов

Достук Жолдошов — 1990 йили Ўш вилоятининг Ўзган туманида туғилган. 2002 йили эркин кураш билан шуғуллана бошлаган. Мактабни тамомлаб Москвага кетган. Талабалик даврида дзюдо ва самбо билан ҳам шуғулланган. 2015 йили Жолдошов грепплингга қизиқиб, аралаш жанг бўйича спортчи деб таъкидланади. Уни «Кличко» лақаби билан танилган аралаш жанг устаси, «Ош-Тазалык» муниципал ишхонасининг бошчиси Нурбек Исмаилов шуғуллантиради. 2020 йилгача кўплаган мусобақаларга қатнашиб, совринли ўринларни олган.

Интервьюларнинг бирида Жолдошов уни спортда грепплинг бўйича федерация президенти Тинчтик Сулайманов ҳам молиялаб туришини билдирган. Сулайманов — Уулкан Тургунованинг укаси. Тургунова — собиқ божхоначи, журналистик суриштирувларнинг фигуранти Райимбек Матраимовнинг аёли.

Жолдошовни «Ош-Тазалык»қа ўзини мураббийи, ММА бўйича спортчи Нурбек Исмаилов олиб келган. Исмаиловнинг мазкур хизматга келишида норозиликлар бўлган.

Бироқ у 2017 йилги президентлик сайловида мана шу №5316 сайлов участкасида «Адыгине» спорт клубининг аъзолари билан бирга журналистларни калтаклашда айбланган. Ўша вақтда сайлов участкаси «Памир» кафеси ёнидаги «Нооруз» кафесида жойлашган эди.

Жабрланувчилардан бири «Клооп»нинг ўша вақтдаги журналисти Бегимай Бекболотова Исмаиловни жавобгарликка тортилишини талаб қилиб Ўш ШИИБига ариза ёзган, бироқ иш судга етмаган.

«Акипресс» журналисти Бекмамат Абдималик ўғли эса Исмаилов хизматга келганда «Азаттык»қа буларни айтиб берган.

«Исмаилов қўлимдаги камерани тортиб олиб, мен билан бирга бинони орқасига судраб борди. Бўғиб, «кўмиб ташлайман» деб қўрқитди. У йўлимни тўсиб турган вақтда ортимдан кимлардир келиб, тепкилаб ташлашди. Очиғини айтганда бўрилар каби ҳужум қилишган. Нурбек Исмаилов ёмон сўзлар билан сўкинган. Энди ўша йигитни раҳбарликка келиши мени жуда ранжитди», — деган у.

Исмаилов ва Жолдошов Ўш шаҳар кенгашига бўладиган сайловда «Биримдик» партиясидан номзодини қўйишган. 4 октябрдаги парламент сайлови олдида Исмаилов ва бошқа муниципал ходимлар партиянинг штабида бир неча марта кузатилган.

Жолдошов ҳам «Ош-Тазалык»нинг тўрт ходими билан биргаликда №5316 сайлов участкасига Ўш шаҳар участка сайлов комиссияларининг захирасига номзод қатори рўйхатга олинган эди.

Нурбек Исмаилов ўзи овоз берган №5325 участокда «Ош-Тазалык»нинг беш ходими участка сайлов комиссияларининг захирасига номзод қатори қайд этилган экан.

4 октябрдаги сайловда «Ош-Тазалык»нинг Самат Артиков исмли ходими №5316 сайлов участкасида комиссия аъзоси бўлган. №5325 участкада «Ош-Тазалык»нинг беш ходими ҳам ҳудудий сайлов комиссиясида ишлаган. Улар: Котиба Нулифар Тюленбаева, АСУ бўйича операторлар Бек Жапаркул ўғли, Кубанич Акимбаев ва комиссия аъзолари Мирлан Дуйшўнали ўғли, Базаргул Сарибашева.

«Кактус» нашрининг журналисти Марат Уралиев сайлов куни №5325 участкасидан жонли эфир қилган. Лавҳада Уралиев номаълум киши нимага урна ёнида ўтиргани ҳайрон қолгани кўриниб туради. Бироқ сайловнинг яширинлиги шубҳа яратади. ҲСКнинг раисаси журналистга бу киши сайловчилар бюллетенларни буклаб олмаслиги учун «тушунтириш ишларини олиб бормоқда» деб ишонтирган.

Бекдўўлўт Абакиров, Килич Саркарбаев, Нурбек Исмаилов, Талант Капаров

«Биримдик» партияси ва Ўш мэриясида ишлаган спортчилар

«Биримдик» партиясидан Ўш шаҳар кенгашига бўладиган сайловга кўплаган давлат ва муниципал ходимлар номзод бўлган.

Уларнинг орасида «Жапалак» машина бозорининг собиқ директори Бекдўўлўт Абакиров бор. У кураш бўйича спорт устаси. Абакиров сайловдан кейин Ўш шаҳрида ўтган митингда мер Таалайбек Сарибашовни қўриқлаб юрган эди.

Ўша вақтда шаҳар кенгашининг депутатлари мерга ишончсизлик билдириб, майдонда йиғилганларнинг айримлари Сарибашовни истеъфога кетишини талаб қилишган. Унда «Бир Бол» партиясининг депутати Дуйшўн Тўрўкулов ўзини мер деб эълон қилиб, Сарибашов ишдан кетгани айтилган.

Эртаси куни 7 октябрда, Сарибашовнинг тарафдорлари майдонга йиғилиб, уни ўз хизматида қолишини талаб қилишган. Шунда Сарибашов бир гуруҳ спортсменлар билан бирга майдонга келиб, мерияга киришган. Кейин у ўз ўрнида қолгани айтилган.

Абакиров 23 декабрда Ўш шаҳар жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Мазкур қўмитани олдин аралаш жанг бўйича спортчи Килич Саркарбаев бошқарган. У Женго лақаби билан танилган криминал Кадир Досонов билан яқин муносабатда бўлгани айтилади.

2020 йилнинг февраль ойида спортчи Тўлўгўн Рахманберди ўғли фейсбукдан собиқ президент Сооронбай Жеэнбековга ва жамоатчиликка видео мурожаат йўллаб, Саркарбаев уни оёғига тўппонча билан отганини айтган.

Бундан ташқари у Саркарбаев Қорасув туманининг Савай қишлоқ ҳукумати раҳбари Мунарбек Сайпидинов билан бирга уни «ариза ёзма» деб қўрқитганини билдирган. 17 декабрда Саркарбаев қалбаки паспорт олишда гумон қилиниб, икки ойга қамоққа олинган.

Шунингдек «Биримдик»дан 4 октябрдаги парламент сайловида Ўш автотранспорт бошқармасининг собиқ етакчиси Талант Капаров ҳам номзод бўлган. Капаров ҳам қоидасиз кураш спортчиси, ММА федерациясининг президенти бўлиб тайинланган. Исмаиловгача «Ош-Тазалык»ни бошқарган, бунга қадар Ўш шаҳар кенгашида депутат бўлган.

Бишкек, 5 октябрь. Сурат: «Клооп»

Сайлов, митинг, Жээнбековнинг истеъфоси

4 октябрдаги сайловдаги натижалар бўйича олдинги ўринларни ҳукуматнинг «Биримдик» ва Матраимовларнинг кланига алоқаси бор «Мекеним Кыргызстан» партиялари олган.

Журналистларга ҳужум бўлган №5316 сайлов участкасида «Биримдик», «Кыргызстан» ва «Мекеним Кыргызстан» партиялари энг кўп овоз олишган — 819, 207 ва 166 овоз.

Бироқ эртаси куни сайлов натижасидан норози бўлган партияларнинг аъзолари ва фуқаровий фаоллар муддатсиз митингга чиққан. Улар сайлов тоза бўлмаганини, овоз сотиб олишлар ва маъмурий ресурсдан фойдаланиш билан ўтганини ҳамда форма №2 бўйича оммавий рўйхатга олишлар бўлганини билдириб, сайлов натижасини бекор қилишни талаб қилишган.

6 октябрга ўтар кечаси Оқ уй босиб олиниб, қамоқдан бир қанча сиёсатчилар чиқарилган. Уларнинг орасида президентликка номзод Садир Жапаров ҳам бор. Уларнинг айримлари яна қамоққа қайтса, баъзиларининг иши Олий суд томонидан қайта кўриб чиқишга юборилган.

Президент Сооронбай Жээнбеков Садир Жапаровнинг ва унинг тарафдорларининг «истеъфога кетиш» ҳақидаги талабидан сўнг ишдан кетган. Ўз қарорини Жээнбеков «Қирғизистон тарихида қон тўкиб кетган, ўз фуқароларига қарши ўқ отган президент қатори қолгим йўқ» деб асослаган. Лекин ўша куни Жапаровнинг тарафдорлари президент резиденцияси яқинида йиғилиб, Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишган.