Бишкекда 5 январь куни эски майдонда парламентаризм учун митинг бўлиб, ҳукумат уйи олдига 200га яқин одам йиғилди.
Митингда президентликка номзодлар Адахан Мадумаров ва Канибек Иманалиевлар сўзлаб, йиғилганларни 10 январда парламент бошқарув формасини қўллаб овоз беришга чақиришди.
Мадумаров ўз сўзида 2020 йилнинг октябрь ойидаги парламент сайловининг натижасидан норози бўлганларнинг митингини қирғизистонликларни эсига солди. Унинг айтишича, халқнинг сайлов натижасини бекор қилиш талаби ўлкада ҳукумат алмашишига олиб келган.
“5 октябрда халқ ҳукумат, президент кетсин деб чиқмаган. Ўтган сайловнинг натижаси бекор қилинсин деб чиққанмиз. Биз ҳукуматни бош одамлар босиб олсин деб чиқмаганмиз. Биз Конституция учун деб чиққанмиз. Биз халқни эшитсин деганмиз. Бизга қонунийлик керак», — деди у.
Унинг айтишича, кўплаган қонунбузарликлар орқали ҳукуматга келган одамлар ҳукуматини мустаҳкамлаш учун Конституцияни ўзгартиришни исташади.
“[Конституциянинг] бу моддаси менга ёқади, ишлайверсин, бу моддалар ёқмайди, демак ёқмаса ишламай турсин — деб бўлмайди, бундай нарса бирорта ҳам давлатда йўқ. 20 декабрда парламент сайловининг иккинчи босқичи бўлиши керак эди, парламент сайланиши керак эди [...] кейин президент сайлови кунини белгилаш керак эди. Шу сабаб Россия президенти нима деди? «Қирғизистонда охири йўқ тартибсизлик» деди», — деди Мадумаров.
У 10 январдаги референдумда қирғизистонликлар парламент ёки президентлик бошқарув формасини танлаши кераклигини ёки бўлмаса «барча вариантларга қарши» овоз берса бўлишини эслатиб ўтди. Унинг айтишича, фуқароларга кўпроқ овоз бериш варианти таклиф қилиниши керак эди.
“10 январда қирғизистонликларда икки йўл бор — қонунийлик ёки тартибсизлик. Улар Қирғизистон халқига фақат икки бошқарув формасини танлашга имкон беришди — президентлик ёки парламент, аслида вариантлар кўп бўлиши керак эди. Жогорку Кенеш Конституцияни ўқимай туриб референдум ўтказишга қарор қилди», — деб билдирди номзод.
Бошқариш формасини танлаш бўйича референдум
Навбатсиз президентлик сайлови билан бошқариш формасини танлаш бўйича референдум 2021 йилнинг 10 январида бир кунда ўтади.
Бошқариш формасини аниқлашга йўналтирилган референдум ўтказиш қонунини парламент 10 декабрда, уч ўқишда маъқуллади. Қонун лойиҳасига маъқул деб олтмиш депутат овоз берган. Унга фақат тўрти қарши овоз берган — Дастан Бекешев, Наталя Никитенко, Айсулуу Мамашева ва Канибек Иманалиев.
Референдум —Жапаровнинг 6 октябрда тарафдорлари томонидан колониядан чиққандан кейин ўзини қўллаганларга берган ваъдаларидан бири.
Юристлар ва мустақил кузатувчилар референдумни тайинлашда кўплаган қонунбузарликлар бўлганини айтишган. Уларнинг фикрича, уни таклиф қилган олтинчи чақирилишнинг депутати Акилбек Жапаров Конституцияни бузди ва унинг мазкур лойиҳани чиқаришга ваколати ҳам йўқ бўлган.
Улар президентлик сайлови билан референдум бир кунда ўтишига рози эмас. Уларнинг фикрича, қирғизистонликлар номзодларнинг сайловолди дастури билан танишиб, референдумга қўйилган саволларни таҳлил қилишга улгурмайди.
Жапаров пулни тежаш учун референдум билан президентлик сайловини бир кунда ўтказишни таклиф қилганини билдирган. У норозиликлардан кейин ўлка фуқароларини шу масала хавотирга солади деб ҳисоблайди.