Ахсидаги митинглардан сўнг туман ИИБнинг етакчиси ва ҳоким ишдан кетди

312

ИИВнинг матбуот хизмати маълум қилишича, Жалолобод вилоятидаги Ахси ТИИБининг раҳбари Шекербек Тангиров Кербен шаҳри яшовчиларининг митингидан сўнг ишдан бўшатилди.

«Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буйруғи билан Жалолобод вилоятининг Ахси туман ички ишлар бўлимининг раҳбари, милициянинг полковниги Шекербек Тангиров эгаллаган хизматидан бўшатилди», — деб билдиришди вазирликдан.

Бундан ташқари, Ахси тумани ҳокими Эсенали Ормоналиев истеъфога кетди.

«Туман ҳокими бизга келиб, истеъфога чиқиш ниятида эканини ва бу талабни маҳаллий яшовчилар қўйишганини тушунтирди. Унинг аризаси ҳукумат раҳбарига юборилди. Биз турғунларнинг талабини бажардик», — деди Жалолобод вилояти раҳбари Абсаттар Сиргабаев «Турмуш» нашрига берган интервьюсида.

Парламент сайловининг натижаси бекор қилингандан кейин 2020 йилнинг 7 октябрида Кербенда оммавий тартибсизлик бошланиб, муштлашув билан тугаган. Натижада 41 ёшдаги Уланбек Жаманкулов вафот этган. Жаманкуловнинг ўлими ва оммавий тартибсизликлар бўйича милиция Кутман Шадибековни қўлга олган.

Бироқ маҳаллий яшовчилар ва қўлга олинган одамнинг яқинлари Шадибековни қамоққа олинишига қарши чиқиб, 2021 йилнинг 2 январида МХДҚнинг Жалолобод вилояти бўйича бошқармасининг биноси олдида митинг ўтказишган. Митингга чиққанлар объектив текширув ўтказишни ва Ахси тумани ҳокими билан ТИИБнинг раҳбари Шекербек Тангировни ишдан бўшатишни талаб қилишган.

Бундан ташқари, ушланган одамнинг оиласи милицияга ишончсизлик билдириб, ишни текширишни МХДҚнинг маҳаллий бўлимига ўтказиш илтимоси билан прокуратурага мурожаат қилди.

ИИВдан билдирилишича, ишни МХДҚнинг Жалолобод вилояти бўйича бошқармаси ўрганмоқда ва иш давлат қўмитаси назоратида.

Митинг 4 январда давом этиб, қўлга олинган Шадибековнинг яқинлари ва тарафдорлари Кербен – Олабуқа йўлини тўсиб қўйишган. 24.kg агентлиги маълумотига қараганда, митингга 200га яқин одам йиғилган, воқеа бўлган жойга милиция ходимлари ҳам келган. Бироқ 16:00да митингчилар йўлни очишган.