Суд «Апрель» телеканалига қайтадан эфирга чиқишга рухсат берди

323

Бишкекнинг Октябрь туман суди 15 декабрда Ҳарбий прокуратуранинг «Рақамли технологиялар» МЧЖ ва «Апрель ТВ» компаниясига нисбатан даъво аризасини қаноатлантирмаган. Бу ҳақда телеканал сайтида маълум қилинди.

Энди «Апрель» телеканали телеэфирга чиқишга расмий ҳуқуқ олди.

«Апрель»нинг раҳбари Дмитрий Ложников энди телеканалнинг кўрсатувларини жонлантириш компаниянинг асосчилари — айни вақтда қамоқда бўлган аввалги президент Алмазбек Атамбаев ва унинг маслаҳатчиси Фарид Ниязовга боғлиқлигини билдирган.

«Апрель» телеканали 2019 йилнинг 7 августида аввалги президент Атамбаевнинг Қўйтош қишлоғидаги уйи қамалга олингандан кейин эфирини тўхтатган.

2019 йилнинг ноябрь ойида таркибига 21 канал кирган «Рақамли технологиялар» хусусий теледастур оператори каналнинг мулки қамоққа олинишига қарамай, «Апрель»га эфирга чиқишга рухсат берган. Бироқ Ҳарбий прокуратура бу ҳаракатни ноқонуний деб ҳисоблаб, судга мурожаат қилган.

Эфирга чиқиши тақиқланишига қарамай «Апрель» ўз ишини интернетда давом эттириб, кўрсатувларини YouTube-каналига ва расмий интернет-сайтига жойлаб турган.