«Биримдик»нинг етакчиси Марат Аманкулов партия сафидан чиқди

312

Жогорку Кенеш депутати Марат Аманкулов «Биримдик»нинг раҳбарлигидан кетиб, партиядан чиққанини маълум қиолди. Бу ҳақда Аманкулов депутат Дастан Бекешевнинг Телеграм-каналига берган интервьюсида билдирди.

«Ҳа, бу ҳақиқат. Мен раислик ваколатларини топшириб, “Биримдик” партиясидан чиқдим [...] Ҳозирда мен партиясизман, бу мени қаноатлантиради. Ҳозирча ҳеч қайси партияга қўшилмайман [...] Менинг кейинги режаларимга сайлов кирмайди», — деди Аманкулов.

Депутат энди илмий-маориф ишлари билан шуғулланишини қўшимча қилди.

Аманкулов бошчилигидаги «Биримдик» партияси 4-октябрда ўтган парламент сайловида 24,9 % овоз олган. «Биримдик» олган овозлари сабаб парламентдаги 120 мандатдан 46сига эга бўлиши керак эди.

Бироқ сайловнинг эртаси куни парламентга ўтмай қолган партияларнинг тарафдорлари норозилик митингларига чиқиб, у бир неча кун давом этган оммавий тартибсизликларга айланган. Натижада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижасини бекор қилиб, давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков хизматдан кетган.

«Ўйланиш ва қайтиш вақти келди»

Марат Аманкулов 2019-йили Москвада Россия билан Қирғизистоннинг ҳамкорлик йилига бағишланган тадбирда айтган сўзлари жамоатчилик орасида кескин танқидларга сабаб бўлган. Видеода Аманкулов «30 йиллик мустақилликдан сўнг ўйланиш ва қайтиш вақти келди» деб айтган.

Кейинчалик партиянинг матбуот хизмати Аманкуловнинг сўзлари контекстдан кесиб олинганини билдирган.