Жалолобод вилоятида жорий йилнинг январь ойидан ноябрга қадар қиз олиб қочиш бўйича қайд қилинган 19 фактнинг бари терговдан қисқартирилди. Бу ҳақда «Клооп»га 21-декабрда вилоят ИИБдан билдиришди.
Матбуот котиби Шеркул Турганбаев билдиришича, қайд қилинган ишларнинг терговдан қисқаришига қизларнинг ота-оналари «улар ўз хоҳиши билан турмуш қурганини, даъволари йўқ эканини айтиб ёзган аризалари» сабаб бўлган.
«Яқин қариндошлари қарши ариза ёзса бўлади [...] Милиция ўзаро келишиб олди деган фикрга қўшилмаймиз. Барча ариза шикоятлар қонун доирасида кўрилиб, ҳал қилинади», — дейди у.
Шунингдек Турганбаев 2020-йили 2019-йилга нисбатан олиб қочиш фактлари «қисқарганини» қўшимча қилди — бир йил аввал вилоят ҳудудида 26 факт қайд этилиб, унинг ичидан бири суд кўригига жўнатилган, қолгани қисқартирилган.
Статистикага кўра, Қирғизистондаги ҳар бир 17-қиз эркига қарши олиб қочилган.
Жазо кодексида эса инсонни мажбурлаб никоҳлаганларга 5 йилдан 7 йилгача эркидан ажратиш жазоси белгиланган. Балоғатга етмаганларни олиб қочганлар 7,5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниб, 200 минг сом жарима тўлаши керак.
Бундан икки йил аввал Бурулай Турдали қизи олиб қочилиб, ўлдирилган — бу жамоатчиликда катта резонанс яратган. Уни 2018-йили бир киши икки марта олиб қочган. Иккинчи сафаргисида эркак кишини милиция қўлга олиб, туман ИИБга олиб қочилаётган қиз билан бирга қамоққа олган. У ерда қизни ўлдириб қўйишган.
Бурулайни олиб қочган одам билан унга ёрдам берганлар судланиб, қизнинг ўлимига йўл берган милиционерларга санкциялар қўлланилганига қарамай жамиятда хамон қизларни олиб қочиб, никоҳга мажбурлаш ҳолатлари тўхтагани йўқ.