Жапаров қудаларини «барқарорликни сақлаш учун» хизматга қўйганини айтди

295

Президентликка номзод Садир Жапаров 6-октябардаги тартибсизликлардан кейин икки қудаси қандай қилиб ҳукуматга келиб қолганини тушунтирди. У тарғибот ишлари билан Талас вилоятига борганда бу саволга жавоб берди.

Жапаров 5-октябрда мамлакатдаги вазият 2010-йилдагиндан ҳам қаттиқ бўлиши кетиш эҳтимоли бўлганини айтиб, аммо бунга йўл бермай вазиятни қўлга олганини таъкидлади. Унинг айтишича, ўша кунлари ҳукумат умуман йўқ бўлиб қолгани сабаб «Нима қилиш керак?» деган савол туғилган.

«2010-йилдаги каби мародерчиликнинг олдини олиш керак эди. Бойларнинг уйига бориб тўнаб, ўзларини гаровга олиб, оиласидан йирик миқдордаги пул олиб кейин қўйиб юборган ҳолатлар бўлган. Ўлим ҳолатлари бўлган, банклардан пулларни чиқариб кетишган. Шундай бўлмасин деб тез орада куну тун демай кўз олдимдаги қўлимга теккан кадрларнинг барини алмаштирдим. Биринчи «лицо»ларни алмаштирдим. Ўшанда икки қудам икки ерга туриб қолди. Мен буни яширмайман, тан оламан», — деди у.

Жапаров 20-30 кишини алмаштириш орқали мамлакатда барқарорликни сақлаб қолганини, ўша янги келган кадрлар куну тун ишлаб унга ёрдам берганига тўхталди.

Шунга қарамай у агар президент бўлиб қолса, вазирлардан тортиб ҳокимларгача барча хизмат ўринлари танлов асосида танланишини билдирди.

«Ишлай оладиган кишиларни олиб келамиз. Биз қуда-анда, қариндош деб ҳукуматга қўймаслигимиз керак. Бун мен бошидан бери айтиб келяпман ва бунга қаршиман. Бу энди шундай вазиятда [6-октябрдаги воқеалардан кейин] бўлиб қолган нарса [қудаларининг ҳокимиятга келиши] бўлди», — деди у.

Жапаров шунингдек, у президентнинг вазифасини бажариб турганда ҳукуматга келган бир қудасини «умр бўйи менга муҳолифа» бўлган деб сифатлаб, «Ата Мекен» партияси учун ишлаб келганига тўхталди. Аммо хизматга тайинлаётганда бунисига қарамай, «иш билишига қараб» тайинлаганини айтди.

Бунга қадар Factcheck.kg портали Садир Жапаровнинг икки қудаси у президентнинг вазифасини бажариб турганда давлат хизматиша тайинланганини ёзган. Аниқроқ айтганда «Унаа» давлат ишхонасига Турусбек Тумонбаев келса, Миграция ишлари бўйича давлат хизматининг етакчилигига Таштанбек Каймазаров борган.

Турусбек Тумонбаев Садир Жапаровнинг синглиси Акат Жапарованинг, Таштанбек Каймазаров опаси Райкул Жапарованинг қудаси эканини мазкур портал билдирган.

Садир Жапаров президентлик сайловига қатнашиш учун 14-ноябрда давлат етакчисининг вазифаларини ўтказиб бериб, бош вазирнинг ваколатларини тўхтатган.

Ҳозирда президентликка 18 номзод курашмоқда. Дастлаб давлат раҳбари бўламан деб МСКга ариза билан мурожаат қилганларнинг сони 63га етган.

Қирғизистонда муддатидан аввал президентлик сайлови 2021-йилнинг 10-январида ўтади.