Президент вазифасини бажарувчи ва парламент спикери Талант Мамитов Анарбек Калматовни президентнинг парламентдаги мухтор вакили хизматига тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади. Калматов президент аппарати раҳбарининг ўринбосари даражасида ишга киришади. У олдин президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссиянинг масъул котиби бўлган.
Президентнинг Жогорку Кенешдаги олдинги вакили Курманбек Дийканбаев хизматдан четлатилиб, икки ойга МХДҚнинг тергов қамоғига киритилган. У лавозимни суистеъмол қилишда гумонланмоқда.
МХДҚнинг маълумотига кўра, Дийканбаев 2020 йили октябрда сайлов ҳаракатлари вақтида «сиёсий партияларнинг бирини манфаатини кўзлаб», давлат ишхоналарининг бирини етакчисини ишдан бўшатаман деб қўрқитиб, уни 7 млн сом беришга мажбур қилган. Ўтган сайловга Дийканбаев Жээнбековлар клани билан алоқаси бор дейилган «Биримдик» партиясидан борган.
Калматов ким?
57 ёшдаги Анарбек Калматов ҳуқуқшунослик соҳасида билим олиб, деярли умр бўйича прокуратура органларида ишлаган. У 2009 йилда турмуш ўртоғининг қариндошларига муниципал участкалар олишга ёрдам берганликда айбланиб, Бишкек шаҳар прокуратурасидан истеъфога чиққан.
Бироқ келаси йили Калматов «Ар-Намис» партиясидан парламентга депутат бўлиб келган. У кейинчалик ҳуқуқ тартиби, қонунийлик ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган.
Калматов 2011 йили президентликка номзодини қўйиб, охирги рўйхатдаги 16 номзоднинг орасига кирган — дастлаб президент бўламан деганларнинг сони 80дан ошган.
Калматов сайлов кампаниясида инвесторларни жалб қилиш учун солиқ системасини соддалаштиришни ва ўхшаш бўлгани сабаб солиқнинг бир турини — қўшимча нарх солиғини ёки сотиш солиғини бекор қилишга ваъда берган.
Сайлов жараёни вақтида Калматов ўша вақтдаги премьер-министр Алмазбек Атамбаев маъмурий ресурсдан фойдаланди деб билдирган. Унинг айтишича, Бишкекнинг собиқ мери Иса Омуркулов тўрт туманнинг ҳокимини, агар улар бошқарган ҳудуд Атамбаевга етарли овоз олиб келмаса ишдан бўшатаман деб қўрқитган.
Калматов 2015 йили депутатлик мандатини топширгандан кейин Асилбек Жеэнбековнинг жамоат маслаҳатчиси қатори 2018 йилнинг май ойигача ишлагани маълум. У 2020 йилнинг мартида Сооронбай Жээнбеков даврида Афв этиш масалалари бўйича комиссиянинг масъул котибиятига тайинланган.
Шунингдек, Калматов «ҚРнинг давлат ҳукумати органлари системасидаги прокуратуранинг конституциявий ҳуқуқий мақоми» мавзусида кандидатлик диссертациясини ёқлаган. Бундан ташқари, I классдаги юстиция маслаҳатчиси (полковник) ва II классдаги давлат маслаҳатчиси даражаси соҳиби.