Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари Камчибек Ташиев Ўш вилоятининг Қорасув тумани Савай қишлоқ ҳукуматининг раҳбари Мунарбек Сайпидиновни 23-ноябрда қабул қилди. Сайпидинов бундан бир ҳафта олдинги видео мурожаатида Ташиевдан уни қабул қилишини сўраб, унга нисбатан «сиёсий таъқиб» бўлаётганини айтган эди.
«Суҳбат давомида МХДҚ раҳбари Сайпидиновнинг арзини тинглаб, тегишли бўлимларга видео мурожаатдаги барча маълумотларни объектив ва ҳар томонлама ўрганиш топшириғини берди», — деб билдирди МХДҚнинг ахборот хизмати.
Бундан ташқари, МХДҚ сиёсий ва бошқа мотивлар бўйича таъқиблар билан шуғулланмаганлиги таъкидланган.
Шунингдек, МХДҚ яна бир билдирув тарқатиб, унда Сайпидиновнинг видео мурожаатда айтган сўзлари ҳақиқатга тўғри келмайди деб билдирган.
Сайпидинов мурожаатида МХДҚнинг ходимлари Сарай қишлоқ ҳукуматининг раҳбари Замир Тургунбаевнинг уйини тинтув қилган вақтда унинг онасига қўпол муносабатда бўлишганини айтган. Кейинчалик бу видео Сайпидиновнинг инстаграм саҳифасидан ўчирилган.
«Тинтув ҳаракатлари давомида уйдаги одамларга қўпол муносабатда бўлган фактлар бўлмаган. Ўз навбатида Тургунбаевнинг онаси МХДҚ ходимларини чой билан сийлашни таклиф қилиб, илиқ муносабатда бўлган», — деб маълум қилган МХДҚнинг матбуот хизмати.
Бундан ташқари, мазкур муассаса Сайпидинов ва Тургунбаевнинг иш кабинетларида ва уйларида тинтув Ўш шаҳрида ва Ўш вилоятида уюшган жиноий гуруҳларнинг ноқонуний ҳаракатларини аниқлаш ва таъқиқлаш асосида бўлганини таъкидлаган.