Ўш шаҳрининг яшовичиси Кундуз Усупбаева синглисини машина уриб юборганини айтиб, Ўш ШИИБи томонидан адолатли терговни талаб қилмоқда. У биринчи тайинланган терговчини «жиноятчи билан бир бўлиб олган» деб гумон қилиб бошқасига алмаштирган. Милиция эса Усупбаеванинг сўзларини инкор қилмоқда.
«Синглимни даволатмай уйга олиб бориб қўйишган»
Унинг айтишича, 6 октябрга ўтар кечаси шаҳардаги Масалиев кўчасида унинг 26 ёшдаги синглисини TOYOTA Corolla русумидаги машина уриб кетиб, ҳайдовчи жабрланувчини вилоят касалхонасига олиб борган. Бироқ қиз ҳушига келгандан кейин касалхонадан тезроқ чиқиб кетиши кераклигини айтиб, у «ҳолати яхши эмаслигини» айтишига қарамай уйига олиб бориб қўйишган.
“Синглим кўзини очганда пешонасини тикиб, ўнг оёғини гипслаб қўйишибди. Уни қабул қилган шифокор «бўлмайсанми, тезроқ чиқиб кет» деган. Синглим ҳушига келиб, воқеани эслаб олишни сўраган. Бироқ уни қўймай уйга олиб келишган”, — дейди у.
Уйга келгандан кейин аҳволи ёмонлашиб, тез ёрдам чақирган. Шифокор унга оғриқ қолдирувчи укол қилиб, касалхонага ётиши кераклигини айтган.
“Терговчи унга ҳушига келганда қўнғироқ қилиши учун рақамини ташлаб кетган экан. Кейин синглим уйга ташлаб қўйишганини айтиб унга қўнғироқ қилган. У «нотўғри иш бўлибди, баённома тузиб берайин, экспертизадан ўтиб касалхонага ётинглар» деган. Бир кундан кейин синглимни яна шифохонага олиб боришган”, — дейди у.
Усупбаева синглисини Ўш шаҳрида яшаётганини, бироқ улар Жалолобод вилоятидан бўлишларини айтди. У синглиси касалхонага ётгандан кейин шаҳарга келган.
«Синглим биринчи борган касалхонасидан қўрқиб қолибди. Шаҳар касалхонасига олиб бориб ётқиздик. Бу ерда ҳам экспертизадагилар билан келишиб олиб, яхши даволашмаяпти. Шу сабабли синглимни ҳаёти ҳозир хавф остида», — деди у.
Унинг айтишича, синглиси ҳозир ўзи мустақил ҳожатхонага ҳам боролмай қолган. Бироқ уни текширишда «жиноятчини айбини яшириш учун соғлиги ҳақидаги маълумотни атайлаб ўзгартириб, тегишли даволашга тўсқинлик қилинмоқда» дейди.
«Рентген қоғозлари умуртқа поғонаси цинганини кўрсатиб турибди, шифокорнинг ўзи ҳам қаттиқ синибди деб айтди. Бироқ хулоса қоғозларини эртаси куни берамиз дейишди. Эртаси куни олсак, айтганларини ёзмай, тоза деб чиқарибди. Агар синиқ бўлса модда ҳам оғир бўлар экан-да, шу сабаб шундай қилишяпти», — деди у.
У қизни қабул қилган шифокор Максат Келдибаев ва терговчи Илам Гуламов уни уриб кетганлар билан «тил бириктириб иш қилган» деган фикрда. «Клооп» мақолани эълон қилишдан олдин бу шифокор билан боғлана олмаган.
«Ёмон йўлда юрган қиз қатори кўрсатмоқчи»
Кейин Усупбаева Гуламовнинг устидан шаҳар прокуратурасига ариза ёзиб, терговчини алмаштирган. У бунга Гуламовнинг «воқеа бўлган жойни ва вақтни ўзгартиргани» сабаб бўлганини айтди.
Шунингдек у терговчи қизни «ёмон йўлда юргандай кўрсатмоқчи» дейди.
“Терговчи«қиз нима учун тунда кўчада юрган» дейди. Уни нима иши бор? Ишни тергов қилиши керакда. Агар синглим ҳақиқатдан ҳам ёмон йўлда юрганда жамоатчилик олдига чиқа олмасдим”, — деди у.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Усупбаеванинг ШИИБ биноси олдидаги видеоси тарқалди. Унда у терговчи «жиноятчилар билан бирлашиб олганини айтиб», унга «нимага борасан?» деб қичқираётганини кўриш мумкин.
Усупбаева ўзи видео терговчи алмашгандан кейин олинганини билдирди. Унинг айтишича, Гуламов жабрланувчидан хабар олмаган, бироқ касалхонага бориб, шифокордан касаллик варақасини олиб ўзини терговчи қатори таништириб кетган. Бундан ғазабланиб у шаҳар ички ишлар бўлимига борган.
«Мен видеода ҳеч қандай қонун бузмаганман. У касалхонага айби бўлгани учун борди. Шаҳар экспертиза билан биргаликда иш қилаётган, алмашгани бунга тўсқинлик қилган. Видеога тортиб олишган экан, энди беришяпти. Мен бу видеодан қўрқмайман», — деди у.
Видеони ижтимоий тармоқларга жойлаган кишининг кимлиги номаълум. У билан боғланганимизда ўзини «Қирғизистон фуқаросиман» деб таништириб, қизни уриб кетган ҳайдовчининг акасини рақамини берди. Бироқ ҳайдовчининг акаси билан мақола чиқишидан олдин саволларга жавоб ололмадик.
Усупбаева ҳозирда адолатга эришолмаётганини айтди. У айни вақтда 22 кундан бери шаҳар касалхонасида синглисини қараб ётганини билдирди.
Милиция бу маълумотни инкор қилди
Ўш ШИИБ Усупбаеванинг сўзларини рад этди. Муассасанинг матбуот котиби Замир Сидиковнинг айтишича, воқеа 6 октябрда тунги соат учлар атрофида бўлган. Қизни уриб кетган киши ўзи уни касалхонага олиб борган.
Ҳозирда у сўроқ қилиниб, «Транспорт воситалари ҳаракатини ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш» моддаси билан судгача бўлган текширув очилди.
«Усупбаева аниқ нимадан норози бўлаётганини тушунмаяпмиз. Уриб кетган кишининг шахси аниқланган, машина жарима майдонига киритилди. Тергов давом этмоқда. Экспертиза хулосаси чиқмади, унга қараб тергов хулоса чиқаради. Кейин иш судга оширилади», — деди Сидиков.
Агар шикоят қилган томон терговдан норози бўлса, назорат органларига мурожаат қилиши мумкинлигини қўшимча қилди.