Жогорку Кенешнинг матбуот хизмати Оқ уйни босиб олингандан кейин ҳужжатлар йўқолиб, компьютерлар ўғирлангани сабаб парламент ходимларининг маошлари кечикаётганини билдирди. Маълумотда 5 октябрдаги воқеалардан кейин бухгалтериянинг иши қийинлашгани айтилади.
«Ҳозирда ҳужжатларни қайта тиклаш билан ҳисоблаш ишлари бормоқда. Ажратилган пул тўлиқ ҳолда келаси ҳафтанинг жума кунига тўлаб берилади», — деб билдирди матбуот хизмати.
Олдинроқ депутат Дастан Бекешев Жогорку Кенеш билан Президентнинг иш бошқармаси ходимларига маош берилмаётганини айтган.
«Майли, депутатлар маошсиз қолибди. Йўқ деганда Жогорку Кенеш аппарати ва иш бошқармасининг ходимларига тўланса бўлар эди. Бироқ ҳаммаси ойлик ололмай қолди, лекин берилади деб умид қиламан», — деб айтган Бекешев.
Жогорку Кенеш биноси 6 октябрга ўтар кечаси босиб олинган.
Унда Бишкекнинг марказий кўчаларида минглаган фуқаролар йиғилиб, парламент сайлови натижаларини бекор қилишни талаб қилишган. Бироқ норозилик акцияси ҳуқуқ тартибот ходимлари билан митингчилар ўртасида тўқнашувга айланган.
Куч тизимлари елим ўқ отиб, кучли овоз чиқарувчи гранаталардан фойдаланишган. Митингчилар парламент биноси томон йўл олиб, уни босиб олишган.
Босиб олиш оқибатида кўплаган ҳужжатлар, уларнинг орасида парламентнинг қонун лойиҳаси базаси йўқ қилинган.
Бундан ташқари, митинг иштирокчилари депутатларнинг ва Жогорку Кенеш аппаратининг кабинетларидаги техникалар билан ойна-деразаларни синдириб, эшиклар ва жиҳозларни бузишган. Халқ вакилларининг мажлислар зали ҳам талофат кўрган.