Сиёсатчи Бектур Асанов президентлик сайловига қатнашиш учун Марказий сайлов комиссиясига ариза берди.
Бу вақтгача Асанов Жогорку Кенешнинг иккинчи чақирилишининг депутати (2000-2005 йиллари), Қирғизистоннинг Покистондаги элчиси ва Жалолобод вилоятининг губернатори бўлиб ишлаган. Ҳозирда у ҳеч қаерда ишламайди.
2016-йилнинг март ойида Асанов собиқ депутат Кубаничбек Кадиров ва Эрнест Карибеков билан биргаликда «Ҳукуматни куч билан босиб олиш» моддаси билан гумон қилиниб, МХДҚ томонидан қўлга олинган. Сиёсатчиларнинг ушланишига ижтимоий тармоқларда эълон қилинган аудиоёзув сабаб бўлган.
Унда Бектур Асанов, Кубаничбек Кадиров ва вақтли ҳукуматнинг ички ишлар министрининг собиқ ўринбосари Дуулатбек Турдуналиевнинг ҳукуматни қулатиш режаларини муҳокама қилаётгани ёздирилган. Асанов бу аудиоёзувлар қалбаки эканини айтиб келган.
Суд 2017-йили Асанов билан Кадировни мулкини мусодара қилиш билан 12 йилга, Карибековни 20 йилга озодликдан маҳрум қилган. Бироқ Асанов билан Кадиров 2019-йилнинг февраль ойида муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган. Карибековнинг жазо муддати 11 йилгача қисқартирилган.
Қирғизистонда президентлик сайлови 2021-йилнинг 10-январида ўтади. Ҳозирда сайловга умумий беш киши номзодлигини қўйди. Уларнинг орасида «Бүтүн Кыргызстан» партиясининг лидери Адахан Мадумаров, жамоат арбоби Арстанбек Абдилдаев (Арстан Алай), «Қадимги кўчман цивилизацияси» фондининг раиси Кубан Чороев ва «Лига-Антикризис» жамоат бирлашмасининг раиси Назарбек Нишанов бор.
Президентлик сайловига қатнашиш ниятидагилар 15-ноябргача МСКга ариза бериши керак. Бундан ташқари, номзодлар 3-декабргача уларни қўллаган 30 минг фуқаронинг имзосини йиғиши керак.
Президентликка номзодини қўйганлар (ёки уларнинг вакиллари) 7-декабргача қуйидаги ҳужжатларни топшириши керак:
ўзини-ўзи кўрсатиши ҳақидаги номзоднинг аризаси ёки унинг розилиги билан сиёсий партия қарорининг протоколи;
номзоднинг таржимаи ҳолининг маълумотларини кўрсатиш билан номзод ҳақидаги маълумотларнинг формаси;
номзоднинг паспортининг нусҳаси;
номзоднинг ишлаган ёки ўқув жойидан маълумотнома;
давлат тилини билишнинг даражаси бўйича сертификат;
бир миллион сомлик сайлов гаровини тўкканини тасдиқлаган ҳужжат;
номзоднинг 2 дона 3х4 ҳажмдаги сурати.
Марказий сайлов комиссияси етти кун ичида номзодларни кўрсатиш тартибини қонунга мослигини текшириб, рўйхатга олиш ёки рад этиш бўйича қарор чиқаради.
Президентликка номзодларни рўйхатга олиш 15-декабргача давом этади. Шу кундан бошлаб 2021-йилнинг 9-январигача президентлик сайловига ташвиқот ишлари боради.