Депутат Жапаровнинг турмуш ўртоғи солиқ тўлашдан қочишда гумонланмоқда

322

«МИС» (Машина синов станцияси) очиқ ҳиссадорлик жамияти йирик миқдорда солиқ тўлашдан қочиб, давлат бюджетига 90 млн сом зарар келтирган деб гумон қилинмоқда. Бу ҳақда 30 октябрда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш хизматидан (молия полицияси) билдиришди.

Мазкур компания Чуй вилоятининг Иссиқота туманида турли йўналишдаги 30 кўчмас мулкка эгалик қилиб, суғурта тўловларини ва бошқа ижтимоий тўловларни бажармаган. Бундан ташқари, ишхона йирик миқдордаги пул муомаласига қарамай, бир неча йилдан бери «ноллик ҳисоботларни» топшириб келган.

*«МИС» очиқ ҳиссадорлик жамияти биноларини университет, хусусий мактаб, дўкон, дорихона, юк машиналари тўхташ жойи, ишлаб чиқариш цехи, тозалаш цехи ва бошқа тижорий йўналишдаги объектларга ижарага беради. Солиқ кодексига кўра, компания бу ҳақда ҳисобот бериши керак эди.

Мазкур компанияга 83 жисмоний ва икки юридик шахслар эгалик қилади. Молия полициясининг маълумотига кўра, уларнинг орасида Eurasia Capital Limited оффшор компанияси ва Анара Жапарова бор — у депутат Акилбек Жапаровнинг турмуш ўртоғи.

Ҳуқуқ тартибот органлари бу компания 2009 йили Молия вазирлигига қарашли иқтисодий ривожлантириш фондидан 200 миллион сомлик бюджетдан ссуда олганини аниқлади. Ўша йилларда Акилбек Жапаров Иқтисодий ривожлантириш ва савдо вазири, кейин биринчи вице-премьер-министр лавозимларида ишлаган.

«[Ссуда] 2012 йили тўланиши керак эди. Бироқ мазкур маблағлар мақсадли фойдаланилмаган. Компания шундан сўнг маблағларни қайтариш муддатини икки марта жилдириб, фоизлар ва санкцияларни бекор қилиш билан 2025 йилгача чўзилди», — деб айтилади молия полициясининг билдирувида.

Собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева 2017 йили «МИС» очиқ ҳиссадорлик жамиятига 200 млн сомлик ссудани ноқонуний бериш бўйича Акилбек Жапаров ва собиқ премьер-министр Игор Чудиновга жиноий иш қўзғаган эди. Бироқ бу иш бугунги кунгача охирига етмаган.

Акилбек Жапаров — Жогорку Кенешнинг иккинчи, бешинчи ва олтинчи чақирилишининг депутати. Шунингдек у ҳукуматдаги турли лавозимларда ишлаб келган. Президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров Акилбек Жапаровни ўзининг маслаҳатчиси қилиб тайинлаган, бироқ бир неча кундан кейин қайта бўшатган.