Қирғизистоннинг ташқи ишлар министри Руслан Казакбаев Россияга бўлган сафарида «РИА Новости» нашрига интервью бериб, ўлкадаги сиёсий ва иқтисодий хавфсизлик ҳақида айтиб берди. Казакбаев Қант шаҳридаги рус авиабазасини «ўлкадаги хавфсизликни гаранти» эканини таъкидлаб, Қирғизистон уни кенгайтириш масаласини қараб чиқишга тайёрлигини билдирди.
«Агар Россия ёки ЖХШТ [Жамоат хавфсизлиги бўйича шартнома ташкилоти] базани кенгайтириш бўйича масаласини кўтарса, биз бу ҳақда сўзлашишга тайёрмиз. Шунда биз буни албатта, муҳокама қиламиз», — деди Казакбаев.
У Қирғизистон ЖХШТнинг аъзоси қатори, ташқи босимга бардош бериш учун ташкилотнинг бошқа иштирокчиларининг ёрдамига ишонишини таъкидлади.
«ЖХШТнинг бевосита устав функцияси — ўзининг аъзоларини ва ҳамкорларини ташқи агрессиядан ҳимоя қилиш. Масалан, ўз вақтида Қирғизистонда икки бора чет эл базалари бизнинг марказни ҳимоя қилган. Бизда Бишкек дунёдаги энг хавфсиз шаҳар деган ҳазил ҳам бор эди — сабаби уни бир томондан Америка базаси, иккинчи томондан Россия базаси ҳимоя қилиб келган», — деди Казакбаев.
Россия базаси
Россия Қирғизистон билан 2003 йили 15 йилга шартнома тузиб, Жамоат хавфсизлиги ҳақидаги шартнома ташкилотининг асосида Қант шаҳрида авиация базаси очилган.
Унинг асосий мақсадларидан бири — бу ҳудуддаги хавфсизликни таъминлаш учун Россия ҳарбийларини жойлаштириш бўлган.
Қирғизистондаги Россия ҳамкорлигидаги базага бир нечта объектлар киради: Қант шаҳридаги «Кант» авиабазаси, Қоракўл шаҳридаги ҳарбий синов базаси, Чалдибар қишлоғидаги алоқа маркази ва Майлуу-Суу шаҳридаги сейсмик пункт.
Базадан фойдаланиш ҳақидаги ҳужжатга 2012 йилнинг 20 сентябрида қўл қўйилган. Шартнома 15 йилга тузилган. Агар шартнома тугаб, икки томоннинг бири уни тўхтатиш ҳақида билдирув бермасаса — у автоматик йўл билан 5 йил муддатга узайтирилади.
2016 ва 2017 йиллари Россия томон ижарага олган ерда икки томонлама топографик сёмка олиб борилган.
Бунинг натижасида Россия томон шартномадаги майдонга қараганда 58,32 гектарга кўпроқ ердан фойдаланаётгани маълум бўлган.
«Протокол кучга киргандан кейин тўланувчи сумма 4 794 095 долларни ташкил қилади», — деб айтилган маълумотда.
Ижарага берилган ернинг майдони кўпайгани сабаб унинг нархи 291 600 долларга кўпайтирилган. Бундан ташқари, бу протокол кучга киргандан бошлаб Россия амалда фойдаланган ер майдонининг 2012 йилнинг 20 сентябридан бошлаб ижара ҳақини Қирғизистонга қайтариш бўйича иш бормоқда.