Собиқ бош вазир Сапар Исаков Франциядан бошпана сўраганини VB.kg портали собиқ журналист Улуғбек Бабақуловга таяниб ёзди. Ҳозирда Бабақулов Францияда сиёсий бошпана олиб, ўша ерда яшамоқда.
Лекин Сапар Исаковнинг адвокати Замир Жоошев «Клооп»га бошпана воқеаси ҳақида ва мижози қаерда экани бўйича хабари йўқлигини айтди.
Парламент сайлови натижаларидан норози бўлганлар 5 октябрда Ала-Тоо майдонига митингга йиғилган. 6 октябрь куни тунда йиғилганлар Оқ уйни ва бир қанча давлат муассасаларини босиб олишган эди. Норозилик митинглари вақтида собиқ ҳукумат раҳбарлари Сапар Исаков, Жантўрў Сатибалдиев, собиқ президент Алмазбек Атамбаев, ИИМ раҳбарининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов, Бишкекнинг собиқ мери Албек Ибраимов, «Миллий энергохолдинг» компаниясининг собиқ раиси Айбек Калиев бошчилигидаги бир қанча сиёсатчилар қамоқдан чиқарилган. Уларнинг айримлари ахлоқ тузатиш муассасаларига қайтарилган эди. Калиев эса ўз ихтиёри билан қамоққа қайтган.
Бироқ Исаков билан Ибраимов қамоққа қайтиб келмаган. Исаков Молдовановка қишлоғидаги №27 колонияга яқинда ўтказилган эди. Албек Ибраимов эса Чуй вилоятининг Москва туманидаги Петровка қишлоғида жойлашган №8 ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўтаётган бўлган.
Оқловчи Замир Жоошев «Клооп» бу бўйича ҳам бехабар эканлигини билдирди.
Бу вақтгача ЖЎДХ Исаков ва Ибраимовнинг қамоққа қайтиш муддати 13 октябрда тугашини билдирган. Муассаса агар улар қайтиб келмаса, қидирувга берилишини билдирган. ЖЎДХнинг матбуот бўлими «Клооп»га уларни қидирувга бериш иши ҳафта охирида ҳал қилинишини билдирди.
Ҳозирда уларга нисбатан «Озодликдан маҳрум қилиш турида жазо ўташдан қочиш» моддаси билан судгача бўлган текширув очилди.
Сапар Исаков Бишкек ИEМни реконструкция қилишдаги коррупция бўйича 2019 йили айбдор деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Кейинчалик Исаковга Тарих музейини ва Чолпон-Отадаги от майдонини таъмирлаш ишларида коррупцияга алоқаси бор деб айб қўйилиб, суд уни 18 йилга ҳукм қилган.
Бишкекнинг собиқ мери Албек Ибраимов «муниципал ерни ноқонуний бериш» ва «Қуёшли соҳил» панционатини сотишда айбдор деб топилган ва 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.