«Балки менинг ўлимим ниманидир ўзгартирар?» — Султанбеков очлик эълон қилди

381

«Оммавий тартибсизликлар уюштириш» жиноий иши бўйича гувоҳ қатори ушланган «Социал демократлар» партиясининг аъзоси Темирлан Султанбеков 11 октябрда қирғизистонликларга ёзма мурожаат қилди. Унда уни қўрқитишаётганини айтиб, очлик эълон қилганини билдирди.

Унинг айтишича, у Бишкек ШИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритилганда уни конвоир «Матраимовларникидай қийноқлар билан қўрқитган». Терговчи эса «ҳеч нарсани ҳал қиломаслигини, у оддий терговчи» эканини айтган.

«Ҳозиргача мени нима учун ушлашганини ўзлари ҳам тушунишмайди. Бир кун аввал мен очлик эълон қилганман, чидаяпман, бироқ ҳақиқатдан ҳам тобим йўқ. Балки менинг ўлимим бирор нарсани ўзгартирар? Мени ҳеч қандай айбим йўқ, мени ҳукуматни очиқ, ҳақиқатни айтиб танқид қилганим учунгина қамашди!» — деб ёзган Султанбеков.

Султанбеков 10 октябрда Қўйтошдан собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг тан соқчиси Канат Сагинбаев билан бирга ушланиб, Биринчи май туман судининг қарори билан 48 соатга қамалган. Унинг иши бугун 12 октябрда, соат 17.00да Биринчи май туман судида кўриб чиқилади.

Оммавий тартибсизликларга боғлиқ қўзғалган жиноий иш асосида Алмазбек Атамбаев, яна бир тан соқчиси Дамир Мусакеев, президент аппаратининг собиқ раҳбари Фарид Ниязов ва ИИМнинг собиқ ўринбосари Курсан Асанов қўлга олинган.

Айрим сиёсатчилар, фуқаровий фаоллар ва фуқаролар ижтимоий тармоқларда Темирлан Султанбековга қўллов кўрсатиб, уни озод қилишни талаб қилишмоқда. Улар Султанбековни «яхши кадр қатори баҳолаб, ҳукуматнинг ҳаракатидан норози» бўлишмоқда.

Султанбеков сайлов олди дебатларда фаол бўлиб, ўзининг оппонентларига бир қанча «ноқулай саволлар» берган. Айниқса, у Матраимовларнинг партияси бўлган «Мекеним Қирғизистон»ни «ўғриларнинг партияси» деб атаб, ҳукуматнинг «Биримдик» ва президент Сооронбай Жээнбековни танқид қилган.