«Автоматик равишда санаган урналарнинг (АСУ) ҳар биридан дастлабки натижалар ҳақида маълумотлар тушмоқда. Кузатувчилар бизнинг таблицадаги маълумот билан АСУнинг ҳисоботини солиштирса ҳам бўлади. Демак, ўзингиз кўриб турганингиздай, сайлов натижаси ишончли бўлиши учун барча шароитлар яратилган», ‒ деди МСК етакчиси Нуржан Шайлдабекова матбуот анжуманида.
4 октябрда ўтган парламент сайловида МСКга сайловдаги қонунбузарликлар ҳақида кўплаган аризалар келиб тушган. Шайлдабекова, бу фактлар исботланса, тегишли чора кўрилади деб ишонтирмоқда.
Кузатувчилар бутун республика бўйича қоида бузилган ҳолатларни рўйхатга олишган: одамларни оммавий равишда олиб келиш, махсус белги қўйилган ниқоблар, бюллетенни расмга олиш, овоз сотиб олиш ва бошқалар. Бироқ МСК расмий шикоятлар ижтимоий тармоқ ва ОАВ кўрсатганига нисбатан озлигини айтмоқда.
Сиёсатчи Кубаничбек Исабеков, автоматик сановчи урналар бир йил олдин ишдан чиққанини айтиб, тегишли ҳужжатларни кўрсатди. У МСКни Жогорку Кенеш депутатларини сайлашга тайёргарлик ишларига бефарқ муносабатда бўлган деб айблади.
Бугун 5 октябрда Бишкекда парламент сайлови натижаларидан норози бўлганларнинг митинги ўтмоқда. Парламентга ўтмай қолган бир қанча партияларнинг лидерлари сайлов натижаларини тан олмасликларини билдириб, легитимсиз дейишмоқда.
Сайлов натижаларини «Биримдик» ва «Мекеним Қирғизистон» партиялари тан олди. «Биримдик»нинг номзоди Тўрўбай Зулпукаров, сайловда кучли рақобат, сайловчилар фаол қатнашганини айтди. «Мекеним Қирғизистон»нинг лидери Искендер Матраимов эса бундан ҳам кўп овоз олганмиз дейди.