Қорасувнинг ҳокими Тилек Матраимов сайлов олдидан меҳнат таътилига чиқди

322
Тилек Матраимов

Ўш вилоятининг Қорасув туманининг ҳокими Тилек Матраимов парламент сайлови олдидан бир ойлик меҳнат таътилига чиқди. Маълумотни ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакили Байиш Юсупов тасдиқлади.

Матраимов ўзи «Турмуш» нашрига таътил олганини тасдиқлаган. Бунинг сабабини соғлиги билан боғлиқ эканини айтмоқда. «24-сентябрда даволаниш учун дам олишга чиқдим. Ишдан кетганим йўқ», — деган у.

Матраимов мазкур туманни саккиз йилдан бери бошқариб келади. У Қирғизистондаги энг нуфузли клан деб ҳисобланган ака-ука Матраимовлардан бири.

Унинг акаси Искендер Матраимов Жогорку Кенешнинг депутати — ҳозирда ушбу кланган тегишли дейилган «Мекеним Қирғизистон» партияси билан сайловга отланган.

Тилек Матраимовнинг яна бир акаси Райимбек Матраимов божхона хизматининг собиқ раҳбар ўринбосари — Kloop, OCCRP ва «Азаттык» радиоси божхонадаги контрабанда ва коррупция бўйича тайёрлаган бир қатор суриштирувларнинг фигуранти.

Жамоатчиликда Матраимовларга алоқаси бор дейилган партия билан «ҳукуматга қарашли» деб ҳисобланган «Биримдик» партияси энг асосий рақиблар деб айтиб келинади. Икки партия тарафдорларининг ўртасида вилоятнинг Аравон туманида оммавий муштлашув ҳам чиқиб, жабрланганлар партияларнинг низоси аввалдан бор бўлганини таъкидлашган.

Шунингдек бунга қадар ижтимоий тармоқларда видео тарқаб, унда тўпланган сайловчиларга мурожаат қилган киши «Биримдик» «ҳукуматпараст» эканини айтиб, депутат Асилбек Жээнбеков сайлов тугагунча Қорасувда бўлишини белгилаган.

Асилбек Жээнбеков — президент Сооронбай Жээнбековнинг укаси, у «Биримдик» партияси билан сайловга отланган.

«Қорасув ўта муҳим бўлгани учун, халққа (эҳтимол, Матраимовлар томонидан) босим бўлиши мумкин бўлгани учун Асилбек Шарипович шахсан ўзи шу ерга келиб, сайлов тугагунга қадар Қорасувда ўтиради. Биз ҳукуматнинг партиясимиз. Биз худодан қўрқамиз, бошқа ҳеч кимдан қўрқмаймиз», — деган у.

«Биримдик» партиясидан мазкур видеога боғлиқ изоҳ олиш ҳаракатимиздан натижа чиққани йўқ.

Мазкур туманда 440 мингдан ортиқ аҳоли яшайди — бу Талас ҳамда Норин вилоятларининг аҳоли сонидан ҳам кўп, деярлик Иссиқкўл вилоятининг аҳолиси билан баробар.