Оммавий муштлашув. Аравон туман ИИБининг етакчиси Сактан Исмаилов хизматдан олинди

499
Видеодан олинган скриншот

21-сентябрда Ўш вилоятининг Аравон туманининг ички ишлар бошқармасининг етакчиси, милициянинг полковниги Сактан Исмаилов мазкур тумандаги жамоат тартибини таъминлашда йўл қўйган камчилиги учун ишдан бўшатилди. Шунингдек бир неча ходимлар ҳам жазога тортилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.

«Жогорку Кенешнинг депутатларини сайлов бўйича ташвиқот тадбирларининг асносида провокация қилганларга, атайин муштлашув чиқарган фуқароларга ҳамда жамоат тартибини бузганларга ИИВ қонун доирасида чора кўради ва жамоат тартибини бузишга йўл бермайди», — деб ёзилади баёнотда.

Шунингдек сиёсиё партиялар сайловга боғлиқ барча тадбирларни, турғунлар билан учрашувнинг жадвалини жамоат тартибини сақлаш мақсадида ҳуқуқ тартибот органларига билдириб туриши керак деб айтилади.

Аравонда юз берган жанжал

Бундан бир кун аввал Аравон туманидаги Юсупов қишлоқ ҳукуматида «Мекеним Қирғизистон» партиясининг номзоди, парламентнинг депутати Илхом Маннановнинг иштирокида ташвиқот учрашувида уриш чиққан.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеодан муштлашувга ўнлаб киши қатнашганини кўриш мумкин. Аёллар қичқириб, жанжални тўхтатишга ҳаракат қилган. Натижада туман касалхонасига 11 киши мурожаат қилган, Ўш шаҳар касалхонасига эса бир киши баданида турли жароҳатлар билан етказилган. Уларнинг ичидан бир кишининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Бундан ташқари 5 автомобиль пачақланган.

Ўш вилоят ИИБи  жанжал ташвиқот тадбирини ўтказаётган номзоднинг бошқа партия номзодини «ёмонлаб қўйгани» сабаб чиққанини таъкидлаган. «Мекеним Қирғизистон» партияси эса фейсбук саҳифасида номаълум провокациячи гуруҳ тарафидан ташвиқот учрашувига тўсқинлик қилиниб, улар тадбирнинг иштирокчиларини калтаклаб киришгани айтилган. Шу сабаб партиянинг бир неча тарафдори жабрланиб, улардан бири Ўш вилоятлараро касалхонада оғир аҳволда эканини маълум қилишди.

Маннанов КСДП партиясидан 2015 йили парламентга депутат бўлиб сайланиб келган. Ҳозирда «Мекеним Қирғизистон»нинг рўйхатида №33 ўринда рўйхатдан ўтган. «Кактус» нашри  жанжалда депутат жабрланмаган деб билдирди. Милициядан Маннонов учрашув ўтказиш ҳақида уларга хабар қилмаган деб айтишди.

Юсупов қишлоқ ҳукумати етакчиси Шукрулло Файзуллаев «Биримдик» партияси билан парламент сайловига қатнашмоқда. У рўйхатда №74 ўринда. Ҳозирча милиция ва партиялар можаро Маннонов билан Файзуллаевнинг тарафдорлари ўртасида чиққанини тасдиқламади ҳам, инкор ҳам қилмади.

Аммо Аравондаги воқеа бўйича «Биримдик» партиясининг матбуот котиби Адилет Султаналиев ҳам фейсбукда пост эълон қилди. Унда провокацияга айбдорлар жазоланиши кераклиги айтилади. Бундан ташқари партиядагилар ҳуқуқ тартибот органлари қисқа вақтнинг ичида текширув ўтказиб, айбдорларни аниқлайди деб умид қилишмоқда.

Шу билан бирга «Биримдик» агитация тадбирлари хавфсизлик талаблари сақланган ҳолда ўтиши кераклигини ва партияларнинг вакиллари провокацион баёнотларни қилмаслиги кераклиги ҳам таъкидлаган.

Ҳукумат етакчиси Кубатбек Боронов ИИВга мазкур жанжални тез орада текширишни топширди.

Мазкур воқеа бўйича Жиноятларнинг ва қилмишларнинг умумий реестрига «Безорилик» моддаси бўйича судгача текширув бошланган. Ҳозирда тегишли суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, тергов амаллари олиб борилмоқда.