Жапаров ва Иманалиев «Мекеним Кыргызстан»нинг рўйхатига кирмай қолди

389
Жапаров ва Иманалиев

Жогорку Кенешнинг амалдаги депутатлари Ақилбек Жапаров ва Канибек Иманалиев парламент сайловига «Мекеним Кыргызстан» партияси билан қатнашмайди.

Аввалроқ Жапаров ва Иманалиевлар мазкур партия рўйхатига қўшилишлари ҳақида хабар берилган эди. 13-августда «Мекеним Кыргызстан»нинг фейcбукдаги саҳифасида партия йиғилишидан олинган фотосуратлар эълон қилиниб, унга мазкеур депутатлар ҳам иштирок этганини кўриш мумкин.

Кейинчалик депутат Иманалиев «Азаттык»қа берган интервьюсида сайловларда қатнашмаслигини айтган. Ақилбек Жапаровнинг эса сайловга қайси партия билан бориши ҳозирча номаълум.

Аввалроқ, «Мекеним Кыргызстан»нинг етакчиси Мирлан Бакиров уларнинг партиясига  КСДПнинг  парламент фракциясининг етакчиси Иса Омурқулов қўшилганини хабар қилган.

Ақилбек Жапаров «Бир Бол» сиёсий партияси билан Жогорку Кенешга 2015-йили келган, Иманалиев эса Жогорку Кенешда «Ата Мекен» партиясидан депутат бўлган.

Парламент сайлови 4-октябрга белгиланган. МСКнинг маълумотига кўра, ҳозирда 15 партия сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга. Бугунги кунга қадар бирон бир сиёсий партия номзодлар рўйхатини ошкор қилмаган. Улар асосан энг яхши 10 ва 20ликларни аташ  билан чекланган, шунинг учун у ёки бу сиёсатчи қайси партия билан сайловга бориши ҳозирча аниқ эмас.