Депутат Зиядин Жамалдинов сайловга қатнашиш учун мандатини топширди

376

Жогорку Кенешда «Онугуу-Прогресс» фракциясидан депутат Зиядин Жамалдинов депутатлик мандатини топшириш бўйича аризасини берди. Бу ҳақда 24 августда Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати хабар қилди.

ОАВларда Жамалдинов сайловга «Бутун Кыргызстан» сиёсий партияси билан қатнашиши айтилмоқда. У партиянинг 19 августда ўтган съездига қатнашганларнинг орасида бўлган.

«Онугуу-Прогресс» партияси келаётган парламент сайловига қатнашмайди, чунки у Марказий сайлов комиссиясига билдирув бермаган. Унинг лидери Бакит Торобаев еттинчи чақирилишнинг депутатлари ислоҳот қилиб, ўзгариш олиб келишига ишонмаслигини айтган.

Жамалдинов парламентга биринчи марта 2005 йили келган. 2007-2010 йиллари Жогорку Кенешда қулатилган президент Курманбек Бакиев тузган «Ак-Жол» партиясидан депутат бўлган. 2015 йили Жогорку Кенешга «Онугуу-Прогресс» партияси билан келган.

Жамалдинов охирги чақирилишда ишлаётганда ҳукумат ёки маҳаллий ҳукумат тарафидан ўтказилган тадбирларни қисқартириш бўйича қонун лойиҳасини илгари сурган. У бундай тадбирларни ўтказишга бюджетдан жуда кўп маблағ кетишини айтган.

«Бутун Кыргызстан»

«Бутун Кыргызстан» 19 августда съезд ўтказиб, унда партиянинг дастури эълон қилиниб, номзодларнинг рўйхатидаги олдинги етти кишининг исми аталган. Бунга қадар «Бутун Кыргызстан» Темир Сариевнинг «Ак Шумкар» партияси билан бирлашган. Аммо уларнинг бирлиги кўп давом этгани йўқ. 23 августда Сариев келгуси парламент сайловига қатнашмаслигини билдирган.

«Ҳеч кимни айбламайман, айб менда, менинг принципларимда [...] Менга ишонган, мени қўллаб келган юртдошларимдан, партиядошларимдан кечирим сўрайман. Кечиринглар», — деган у.

Сариев «Бутун Кыргызстан»нинг рўйхатида 4-ўринда бўлган. Сариевдан ташқари рўйхатда партиянинг лидери Адахан Мадумаров, тадбиркор Айгул Сатарова ҳамда Орозайим Нарматова, собиқ депутат Исхак Масалиев, собиқ ички ишлар вазири Омурбек Суваналиев ва ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳам бор.

Энди партиялар номзодларнинг рўйхатини қайд этишга керакли ҳужжатларни қоғоз ва электрон турда 24 августга қадар МСКга бериши керак. Ҳужжатлар текширувдан ўтиб, 4 сентябрга қадар қайд этилади. Айни шу куни тарғибот ишлари бошланиб, 3 октябрга қадар чўзилади. Сайловнинг ўзи 2020 йилнинг 4 октябрига тайинланган.