«Ата Мекен» партиясининг лидери Омурбек Текебаев партиянинг съездида парламент сайловига қатнашмаслигини билдирди. У бундай қарорини партиянинг ичида ҳам, сиёсатда ҳам «ёшларга йўл бўшатиш» кераклиги билан изоҳлади.
«"Ата Мекен" партиясига асос солган лидерлар, мен — Текебаев, [Асия] Сасикбаева, [Дуйшонкул] Чотонов ҳамда бошқалар Жогорку Кенешнинг депутатлигига сайловга қатнашмаймиз. Биз янги, ёш лидерларни олдинга чиқарамиз. Янги даврнинг асосий юкини шулар тортсин. Чунки уларнинг замони келди», — деди Текебаев партиянинг съездида.
«Ата Мекен» рўйхатининг саф бошида турган Жанар Акаев Текебаевнинг қарори масъулиятли ҳамда оқилона қадам эканини айтди.
«Бу олий сиёсий маданиятнинг кўриниши. Аммо мен Омурбек Текебаев каби сиёсатчилар парламентда бўлиши керак деб ҳисоблайман. Шу сабабдан мен бир томондан Омурбек Чиркешович бундай қарор қабул қилганига афсусланаман, бир томондан эса мени бу одамнинг иродаси илҳомлантиради. Бу катта мақсадга эришиш учун ўз амбицияларини қандай қурбон қилиш мумкинлигининг мисоли», — деди Акаев.
«Ата Мекен» партияси бир неча партиялар ҳамда ҳаракатлар билан бирлашиб, 4-октябрда ўтувчи сайловга бормоқда. Ҳамкорлик ва бирлашиш бўйича келишувга июннинг бошида Омурбек Текебаев («Ата Мекен»), Темир Сариев («Акшумкар»), Рискелди Момбеков (КСДП), Тилек Токтогазиев ( «Жанги дем» ёшлар ҳаракати), Азамат Темиркулов («Зеленый альянс Кыргызстана») ҳамда Жанар Акаев (КЛДП) қўл қўйган Аммо кейинчалик Темир Сариев «иттифоқдан кетиш» қарорини қабул қилганини айтган.
«Ата Мекен» парламентга 2015-йили ҳам ўтган. Унда партия сайловчиларнинг 7% овозига эга бўлиб, Жогорку Кенешда 11 ўрин олган. Партия 2016-йилдан бери муҳолифатда бўлган. Текебаев ўшанда президент бўлиб турган Алмазбек Атамбаевнинг раҳбарияти остида ишлаб чиқилган Конституцияга тузатишларга очиқ қарши чиққан.
2017-йили россиялик тадбиркор Леонид Маевскийнинг 1 млн доллар пора бериш бўйича кўрсатмасининг асосида Текебаев 8 йилга озодликдан ажратилган. 2019-йилнинг 21-августида Олий Суд ҳукмни бекор қилиб, Текебаевнинг ишини янги юзага чиққан вазиятлар бўйича Бишкекнинг Биринчи май туман судига қайта кўриб чиқишга юборган. 29-августда Биринчи май туман суди сиёсатчини уй қамоғига чиқарган. У 2017-йилнинг февралидан бери қамоқда ўтирган, аммо айбини тан олмаган ҳамда ўзига бўлган тазйиқларни «сиёсий буйруқ» деб атаган.