Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси 5-августда куни «Туркия ҳаво йўллари» авиакомпанияси Истанбул-Бишкек-Истанбул йўналиши бўйича рейсларни қайта бошлаганини маълум қилди. Улар ҳафтасига икки марта қатнайди.
Бироқ, Истанбулдан Бишкекка фақат Қирғизистон фуқаролари уча оладилар. Умуман олганда, чет эл фуқароларига, шу жумладан турк фуқароларига Қирғизистонга кириш тақиқланади, аммо алоҳида ҳолатларда рухсат берилади. Улар қуйидагилар:
- дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига;
- дипломатик ваколатхоналарнинг илтимосига биноан чет эл фуқароларига (айниқса W1 ва W2 визалари эгалари);
- хорижий давлатлар фуқаролари бўлган расмий делегациялар аъзоларига;
- Қирғизистонда меҳнат визаларига эга бўлган хорижий фуқароларга;
- Қирғизистон фуқароларининг яқин қариндошлари бўлган чет эл фуқароларига;
- Юк ташувчиларга;
- учувчилар ва машинистларга.
Элчихонанинг маълумотига кўра, Туркия ҳудудига кириш учун Қирғизистон фуқароларидан ПЗР тестининг натижаси талаб қилинмайди ва улар карантинга олинмайди.
Қирғизистон бошқа давлатлар сингари коронавирус пандемияси сабаб март ойида ўз чегараларини ёпиб, халқаро ва ички рейсларни тўхтатган - улар тахминан беш ойдан бери ишламай келади. Аммо «Манас» аэропорти юк ва чартер рейсларини амалга оширмоқда. 8-июндан бошлаб Қирғизистонда барча ички авиарейслар ишлай бошлаган.
29-июлда Қирғизистон Туркия, Қозоғистон, Россия ҳамда БАА мамлакатларига августдан бошлаб қатновларни очиб, ҳафтасига бир неча қатнов уюштиришни таклиф қилган. 3-августда бу мамлакатлар авиа рейсларни ҳозирча жонлантиришдан бош тортгани маълум бўлган.
Аввалроқ бош вазир Кубатбек Боронов эпидемиологик вазият барқарорлашса, биринчи навбатда Россия, Туркия ва БАА билан авиа қатновларни тиклашини билдирган.