Ўш вилоятлараро касалхонасининг етакчиси Темиркан Жарматова вафот этди. Унда COVID-19 аниқланган

385

16-июлда Ўш вилоят қўшма клиника касалхона етакчисининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Темиркан Жарматова вафот этди. Бундан аввал унинг топширган таҳлилидан коронавирус аниқланган.

Жарматова мазкур касалхонада 1979-йилдан бошлаб ишлаб келган. Марҳум 40 йилдан ортиқ раҳбарлик лавозимида меҳнат қилиб, 2014-йили унинг ташаббуси билан мазкур касалхонада гепатология бўлими очилган. Унда юқумли касалликларнинг тарқалишини олдини олиш учун тегишли шароитларнинг тузилишига хисса қўшган.

Марҳум 2010-йили Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Фахрий грамотаси»га лойиқ кўрилган ва 2020-йилнинг январида «Хизмат кўрсатган шифокор» номини олган.

16-июлга келиб коронавирус юқтирган тиббиёт ходимларининг умумий сони 2076га етиб, уларнинг 583 нафари коронавирусдан соғайди. Расмий статистика бўйича коронавирус юқтириб вафот этган шифокорларнинг сони — олти.

Ҳукумат иш вақтида коронавирусни юқтирган шифокорларга 200 минг сом, вафот этган тиббиёт ходимларининг оиласига эса 1 миллион сом компенсация тўлаб беради.

Фақат шифокорлар ҳозиргача ваъда қилинган компенсация ва қўшимча ҳақлар тўланмаганидан шикоят қилишмоқда.

17-июлга келиб Қирғизистонда шифокорлар орасида COVID-19 юқтирган шифокорларнинг сони 2199га етиб, уларнинг 592 нафари тузалган.