Жогорку Кенешнинг депутати Жилдиз Мусабекованинг аҳволи оғирлашиб, жонлантириш бўлимига тушди. Бу ҳақда ўғли Кубанич Аманбеков 5-июлда Facebook саҳифасига ёзди.
Аввалроқ депутат Мусабекова ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилиб, тез ёрдам хизмати чақирувга келмаётганини айтган. Шунингдек кўнгилли шифокорлардан ёрдам сўраган.
«Йўтал йўқ, грипп йўқ, фақатгина бошим оғриб, суякларим зирқираб оғрияпти. Мустақил юриш қийин бўлиб қолди. Бошқалар каби тез ёрдам йўқ, уйга чақирсам ҳеч бир шифокор келмайди, ўзим юриб боришга ҳолсизман. Ҳозир шифокорлар уйга киришга ҳам қўрқиб қолишибди. Халқ кўнгиллилари гуруҳидаги шифокорлардан ёрдам бўладими?» — деб мурожаат қилган.
Айрим ОАВларнинг ёзишича Жогорку Кенешнинг депутатлари Чинибай Турсунбеков билан Бактибек Турусбеков ҳам пневмонияга учраганини ёзишди. Аммо Жогорку Кенешнинг матбуот котиби Ибраим Нуракун ўғли Чинибай Турсунбековнинг аҳволи «барқарор» деб билдирди.
Бундан ташқари депутатлар Бейшеналы Нурдиновдан, Бакит Торобаевдан, Тазабек Икрамовдан ва Экмат Байпакбаевдан коронавирус топилгани тасдиқланган. Жогорку Кенешнинг матбуот хизматининг етакчиси Ибраим Нуракун ўғли ҳам коронавирусга қарши даволаниб, ундан соғайган.
6-июлга келиб Қирғизистон бўйича коронавирус 7691 кишидан топилиб, 2843 киши касалликдан соғайди. Касаллик эса 92 кишининг ҳаётига зомин бўлди.