Қирғизистонда COVID-19 юқтирганларнинг сони 6261га етди — янги 526 ҳолат қайд этилди

422

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 2-июлда COVID-19нинг янги 526 ҳолати қайд этилди:

  • Бишкек — 211;
  • Чуй вилояти — 231;
  • Ўш — 19;
  • Ўш вилояти — 6;
  • Жалолобод вилояти — 27;
  • Талас вилояти — 1;
    Баткен вилояти — 8;
  • Иссиқкўл вилояти— 10.

Касаллик юқтириб олганларнинг 42 нафари тиббиёт ходими. Коронавирусга янги чалинган тиббиёт ходимларининг 21 нафари Чуй вилоятида. Яна 17 шифокор Бишкек шаҳрида коронавирус юқтириб олган. Ўш шаҳрида икки, Ўш ва Боткен вилоятларида бир нафардан тиббиёт ходимида COVID-19 аниқланди.

Янги қайд қилинган ҳолатларнинг еттиси ташқаридан келган қирғизистонликлардан аниқланди, қолган 519 киши коронавирусга мамлакатнинг ичида чалинган.

Шу билан Қирғизистонда коронавирус юқтириб олган фуқароларнинг сони 6261га етди. Касал юқтириб олганларнинг орасида 921 тиббиёт ходими бор. Касалликдан 66 киши вафот этиб, 2530 бемор соғайди.

Умумий беморларнинг 2503 нафари Бишкек шаҳрида — пойтахтда бу кўрсаткич бўйича биринчи ўринда. Чуй вилоятида — 1138, Ўш шаҳрида — 675, Норин вилоятида — 497, Ўш вилоятида — 495, Жалолободда — 387, Иссиқкўл вилоятида — 139, Боткен вилоятида — 108 ҳамда Талас вилоятида 79 ҳолат қайд этилди.

Яна 240 ҳолат Россиянинг Соль-Илецк, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарлардан келган қирғизистонликлардан қайд этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги алгоритмига кўра, ҳозирда чет ўлкалардан келган барча фуқаролардан таҳлил олинмайди ҳамда улар обсервацияга ётқизилмайди.

Бугунги кунда касалхоналарда 735 киши даволанмоқда. Уларнинг ичидан 110 бемор оғир аҳволда — 24 нафар бемор жонлантириш бўлимига ўтказилган. Коронавирусни юқтирган, аммо касаллик белгилари сезилмаган 2903 бемор уй карантинида ўтирибди.

Охирги сутка ичида 3281таҳлил ўтказилган. Беморлар билан алоқада бўлган одамларнинг сони 21 950ни ташкил қилди.