Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 19 июндаги брифингда коронавирусдан яна бир бемор вафот этганини билдирди.
Марҳум 55 ёшда бўлган, у Бишкек шаҳридаги Қирғиз-турк касалхонасида даволанаётган эди. Усенбаевнинг айтишича, вафот этган фуқаро 25 май куни бия сутини ичиш учун яйловга чиқиб, ўша ердан тана ҳарорати ошиб қайтган.
«Марҳумда қўшимча юрак хасталиги ҳам бўлгани учун, коронавирусни юқтириб олгандан кейин сепсис ҳам қўшилиб, аҳволи оғирлашиб кетган. Касалхонага келганда эски дарди кучайиб, нафас олиши қийинлашиб, жонлантириш бўлимига ўтказилган. Бундан ташқари юрак касалидан жабрланиб юрганидан, шифокорларнинг ҳаракатларига қарамай вафот этди», — деди Усонбаев.
Шу билан COVID-19дан вафот этганларнинг сони 32 нафарга етди, уларнинг орасида икки тиббиёт ходими ва бир ўқитувчи бор.
Қирғизистонда 19 июнга келиб коронавирус умумий 2789 кишига юқди. Унинг 1961 нафари соғайиб касалхонадан чиқарилди. Ҳозирда 544 киши даволанаётган бўлса, уларнинг олти нафари жонлантириш бўлимида.