Қирғизистоннинг Россиядаги элчилиги маълум қилишича, Москва-Бишкек чартер рейси билан 372 нафар қирғизистонлик учиб келмоқда.
Уларнинг орасида 5-8 ойлик хомиладор 319 нафар аёл ва икки ёшгача бўлган болалари билан 53 аёл бор.
Шифокорлар хомиладорлик муддати тугаб қолганига ва бу муддатда парвоз қилиб бўлмаслиги сабаб 33 аёлга учиш тақиқланган. Уларнинг икки нафари учишга бир кун қолганда туғруқни амалга оширган.
Мазкур рейснинг бизнес-классида 26 фуқаро учиб келмоқда — уларнинг аксарияти беморлар ҳамда қариндошларининг таъзияларига учиб келаётган аёллар. Бу классдаги чиптанинг қиймати эконом-классникига қараганда олти баробар қиммат.
Россия ҳукуматининг илтимоси билан бизнес-классда Россиянинг беш фуқароси ҳам жойлаштирилган.
Дипвакилликнинг ёзишига кўра, бу рейс йўловчиларининг рўйхатини шифокорлардан, юристлардан, шунингдек, Москвадаги қирғиз диаспораси тавсия қилган Қирғизистон ҳудудларининг вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузган.
Улар барча маълумотномаларни текшириб чиқиб, хомиладор аёллар қайд қилинган тиббий клиникаларга қўнғироқ қилиб чиққан.
Дипломатик миссиянинг маълумоти бўйича, яна бир ярим мингдан ортиқ янги туққан аёллар, балоғатга етмаган болалар, қариялар ҳамда оғир беморлар қирғизистонга учиб кетишни кутмоқда. Элчилик Россиядаги барча юртдошларни июнь ойининг ичида, ҳар ҳафталик чертер рейслар билан олиб кетишни режалаштирмоқда.
Шунингдек қирғиз элчиси қирғизистонликларни Бишкекка автобус билан кетишни таклиф қилган товламачилардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
«Ижтимоий тармоқларда ва WhatsApp группаларида автобус ва авиқатновлар уюштирилмоқда деган маълумотлар ёлғон. Бу бўйича Штаб расмий давлат манбаларида эълон қилаётган маълумотларгагина ишонишни, Россияда белгиланган санитар тиббий қоидаларни сақлаб, соғлиққа эътибо беришни илтимос қилади», — деб ёзади дипмиссия.