Пандемия сабабли битирувчи синфлар давлат имтиҳонини топширмайди 

499

Коронавирус пандемияси сабабли 2019-2020-ўқув йилидаги 9 ҳамда 11-синфнинг ўқувчиларига давлат имтиҳонлари ўтказилмайди. Унинг ўрнига махсус тузилган комиссия ўқувчиларнинг йил ичида олган баҳоларига кўра имтиҳон баҳосини қўйиб беради.

“9 ва 11-синфнинг синф раҳбарлари комиссияга ўқувчиларнинг чоракларда, назорат ишларида, диктантда олган баҳоларини беради. Комиссия аъзолари қараб кўриб, ўрта баҳони чиқариб сўнгра имтиҳон баҳосини қўйиб беради. Агар ўқувчи қўйилган баҳодан норози бўлса у ҳолда аппеляция баҳси комиссиясига мурожаат қилса бўлади”, — деди Таълим вазирлигининг матбуот котиби Акилбек Орозматов.

Орозматов ўқувчилар билан ўқитувчиларнинг соғлиги биринчи ўринда эканини таъкидлади.

Шунингдек у комиссия аъзоларида ўрта баҳосини чиқаришда баҳсли масала туғилса, у ҳолда ўқувчининг фойдасига ҳал қилинишини қўшимча қилди. Масалан ўқувчининг баҳоси “4,5” бўлаётган бўлса, у ҳолда синовнинг баҳоси “5” деб қўйилади.

Таълим вазирлигининг маълумоти бўйича давлат аттестацияси 2-июндан 13-июнга қадар ўтади. 2020 йили 11-синфни 59 минг нафарга яқин ўқувчи якунлайди. Унинг 1253 нафари имтиёзли аттестатга талабгор. 9-синфда эса ҳозирда 104 мингга яқин ўқувчи билим олмоқда. Қирғизистонда жами 2283 мактаб бор ва унда ўқиган болаларнинг сони 1 млндан ортади.