Қирғизистонга қайтиб келганлар учун обсервация уюштирилган эски «Ганси» авиабазасида норозиликлар туғилди. У ерда Россиянинг Соль-Илецк шаҳридан қайтиб келган қирғизистонликлар обсервациядан чиқаришни талаб қилишди.
Гувоҳларнинг тасвирга олган видеосидан эски «Ганси» авиабазасининг ҳудудида қирққа яқин киши йиғилганини кўриш мумкин.
Видео муаллифларидан бири тасвирга олар экан қўшимча милиция отрядини жўнатишни илтимос қилиб, обсервацияда бўлиш хавфли бўлиб бораётганини қўшимча қилган.
«Сейчас.кг» телеграм каналида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакиллари норози фуқароларни эшитиш учун обсервацияга келгани ҳақида видео эълон қилинди. Қирғизистонликлар обсервацияда ушлаб туриш шароитидан норозиликларини билдириб, мажбурий бўлган 14 кунлик карантинни уйда ўташга тайёр эканини айтишди. Шунингдек улар Соль-Илецкдан юртига қайтиш учун ўз ҳисобидан пул чиқаришганини қўшимча қилишди.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари Мирлан Каниметов брифингда билдиришича, Соль-Илецкдан келганлар Бишкекка даволаниш учун жўнатилганлар уйга чиқарилибди деб норози бўлишган.
«У ерда, инфекция касалхонасида ётган одамларни уй карантинига чиқаришмоқда деган аниқланмаган маълумот [тарқаб кетган]. [Собиқ “Ганси” базасида жойлашганлар] уларни уй карантинига жўнатиб, бизни обсервацияда ушлаяпти деб шикоят қила бошлашган», — деди Каниметов.
У мазкур факт бўйича ИИВ билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тушунтириш ишлари олиб борилаётганини, обсервация қоидаларини бузганлар эса жавобгарликка тортилиши қўшимча қилинди.
«Обсервацияга олинган фуқаролар Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ИИВнинг талабларига бўйсунмаса, ёки бузса жавобгарликка тортилади», — деб билдирди вазирнинг ўринбосари.
Республика штабидан вазият бўйича Соль-Илецк шаҳридан келган фуқароларнинг аксариятини яшаган ери бўйича уй карантинига жўнатиш қарори қабул қилинганини билдиришди.
Аввалроқ, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев Соль-Илецкдан келган 100 кишида COVID-19 аниқланганини брифингда билдирган. Мазкур шаҳардан 500 нафардан ортиқ киши автобус билан қайтиб келиб, уларнинг 55 нафаридан коронавирус аниқланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, улар кўп муддат ёпиқ ҳудудда — автобусда бўлганидан, инфекция юқтириб олишган. Ўша вақтда ҳукумат Соль-Илецкдан келган қирғизистонликларга қўшимча ПЧР-тест ўтказиб туриш қарорини қабул қилган.
Соль-Илецк — Қозоғистон билан чегарадош жойлашган Россиянинг Оренбург вилоятидаги шаҳар. Қирғизистонга ўтиш учун Қозоғистон транспорт йўлаги очади деган маълумот пайдо бўлгандан кейин мазкур шаҳарга Россиядаги қирғизистонликлар кела бошлаган. Қирғизистон ҳукумати бу шаҳардан 500 нафардан ортиқ кишини чиқариб кетган, аммо у ерда яна шунча киши қолган. Ҳозирда улар шаҳарнинг ҳукумати қуриб берган чодир шаҳарчадан бошпана топган.
18-майга келиб, мамлакатда COVID-19га чалинган одамларнинг сони 1216га етди. Айни вақтда 827 киши тузалиб, уйига чиқди. 14 киши эса касалдан вафот этди.
Муаллиф: Ислам Розиев