Freedom House Қирғизистонни қайтадан “қисман эркин” мамлакат деб эътироф этди

431

Халқаро Freedom House ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти сўз эркинлиги, дунё бўйича барча одамларнинг сиёсий ҳамда ижтимоий ҳуқуқлари бўйича янги баёнот эълон қилди.

Бу тадқиқотга кўра, Қирғизистон “Дунёдаги эркинлик — 2020” рейтингида 100 баллнинг ичидан 39 балл олган. Бу 2019 йилдагига нисбатан бир кўрсаткичга кўпроқ, аммо Қирғизистон ҳамон “қисман эркин” мамлакатлар қаторига киради.

Қирғизистон сиёсий ҳуқуқларининг даражаси бўйича 40 баллнинг ичидан 12 балл олган бўлса, фуқароларнинг эркинлик даражаси бўйича 60 баллнинг ичидан 27 балл олган.

Мамлакатнинг бу рейтингда аҳволи 2011 йилдан бери ўзгармай келмоқда, 2010 йили эса Қирғизистон “эркин бўлмаган” мамлакатларнинг қаторида бўлган.

Давлат қанчалик кўп балл олса, ҳуқуқ ҳимоячилари сўз эркинлиги билан бошқа эркинликларнинг даражасини шунчалик баланд баҳолайди. Тадқиқотга кўра, умумий “эркин” мамлакатлар қаторига 86, “қисман эркин” 59, бундан ташқари, “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторига 50 давлат кирган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг ҳисоботида Қирғизистон биргина рейтингда эмас, собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш ҳамда таъқиб қилиш контекстида ҳам эслатиб ўтилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг фикрига кўра, Евросиёнинг ва Марказий Осиёнинг айрим бир мамлакатларининг авторитар президентлари ўз келажагига қайғуриб, Арманистон ва Қирғизистон лидерларининг тақдирига дучор бўлмасликка ҳаракат қилишмоқда.

Ташкилот баёнотида Арманистон ҳамда Қирғизистон президентлари парламентни кучайтириш орқали президентлик муддатларига қўйилган чекловларни айланиб ўтишга ҳаракат қилишган деб айтилади. Аммо уч йилдан кейин лидернинг иккиси ҳам сиёсий назоратни сақлашга қилган ҳаракатлари муваффақиятсиз бўлгандан кейин жиноий таъқибларга учрашган.

“Қирғизистонда Алмазбек Атамбаев сайланган вориси, ҳозирги президент Сооронбай Жээнбеков билан рақобат вақтида ўз партиясининг умумий лояллигини сақлай олгани йўқ. Атамбаев ҳатто ҳуқуқий иммунитетидан ҳам ажраб, шундан кейин ҳукумат билан ўз тарафдорлари ўртасидаги жиддий тортишувдан сўнг қамоққа олинди”, — деб айтилади ҳужжатда.