Соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев республика штабининг 18-мартда ўтган брифингда Саудия Арабистонидан келган 3 қирғизистонликдан коронавирус аниқланганини билдирди. Ҳозирда улар Жалолобод вилоят касалхонасида изоляцияга олинган.
“Саудия Арабистони бориб келган уч фуқаро қайд этилди. Бу ўлка биздаги категорияга қўшилмаган. Улар 12-мартда Шаржадан Қирғизистонга келишган. Таҳлиллар олиниб, уйларида тиббий ходимлар назоратида туришган. 16-мартда уларнинг бири, Сузоқ тумани турғунининг тана ҳарорати кўтарилган. Тасдиқловчи таҳлиллари ундан ва яна икки кишидан коронавирусни аниқлади”, — деди вазир.
Коронавирусга гумонланган фуқароларнинг таҳлиллари биринчи Ўш шаҳридаги лабораторияда ижобий натижа берган. Кейинчалик Бишкекдаги лаборатория касалликни тасдиқлаган.
Уч қирғизистонлик билан бир самолётда 135 киши учиб келган. Уларнинг 90 нафари обсерваторияга ётқизилди. Бундан ташқари, улар билан Сузоқда алоқада бўлган одамларнинг рўйхати аниқланмоқда.
Коронавирус аниқланган фуқаролар 70, 62 ва 46 ёшда, уларнинг бари эркак кишилар. Бари Сузоқ туманининг Благовешенск қишлоғининг турғунлари. Улар билан бирга учиб келган 5 қишлоқ турғунларида коронавирус аниқлангани йўқ.
Вазирнинг қўшимча қилишича коронавирусга тестлар бепул ўтказилади. Тестни қандай топширишни бу ҳавола орқали билиб олишингиз мумкин.
Ҳукуматнинг Жалолободдаги мухтор вакили Сузоқ туманига фавқулодда ҳолат киргизилганини эълон қилди.