Ўш милицияси журналистдан овозларни сотиб олиш бўйича материалнинг маълумот манбаларини айтишни сўради

494

“Ынтымак” телеканалининг журналисти Мимоза Жанибек қизи “Сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш” моддаси бўйича судгача текширув бўйича гувоҳ қатори сўроққа чақирилди.

Жанибек қизи 6-мартда сўроқ бериб чиқди. Унинг айтишича 5-март куни унга милициядан қўнғироқ қилиб, “сен ўша партияларга тарғиботчи бўлиб ишлаяпсан” деган каби гаплар билан тез келишни талаб қилишган. Аммо Жанибек қизи терговчига қонуннинг асосида расмий чақирув жўнатишни талаб қилганлигини, уни иш вақтидан кейин олиб кетишганини айтмоқда.

“Эрта билан соат 10га борганимда терговчи ярим соат кеч келди. 12 февралда фейсбукдаги шахсий саҳифамда, маълумот манбасига таяниб, талабаларни сайлов учун паспортларни тўплашаётганини ёзганман. Бугун мендан шуни сўради, маълумот манбасини, кимлар айтганини. Маълумот берган одамнинг хавфсизлиги учун мен айта олмаслигимни айтдим, уни яширишга мен ҳақлиман. Қонун бўйича ҳам кўзда тутилган бу нарса. Яна кейинчалик терговлар ўтади деди, мендан шу нарсанигина сўрашди. [...] Кеча чақирганининг гапи бошқа, бугун сўраган нарсаси бошқа бўлмоқда”, — деди Жанибек қизи.

Ўш ШИИБининг матбуот котиби Замир Сидиқовнинг айтишича, бу иш бўйича Паспортлаштириш ва фуқароларни рўйхатга олиш бўлимининг ходимлари, олий ўқув юртларининг комендантлари, талабалар ва ўқитувчилар ҳам сўроққа чақирилган.

“Гувоҳ қатори сўроқ учун биз “Ынтымак” телеканалининг журналистини чақирганмиз. Журналист ўзи келиб, воқеа қандай бўлганини, кимлар тасвирга олганини ва шу бўйича қандай кўрсатмаларни олгани бўйича терговга ёрдам беради. Ундан овозларни сотиб олишга ҳаракат қилган одамларни аниқлашга ёрдам беришни сўраш мақсадида гувоҳ қатори чақирганмиз”, — деди Сидиков.

Матбуот котиби қўшимча қилишича, бу иш бўйича журналист маълумот манбаларини терговчига ошкор қилмаслик ҳуқуқи бор. Аммо у суд олдида кимдан маълумотни олганини айтишга мажбур бўлиб қолади деб ҳисоблайди.

“Медиа Полиси” жамоат фондининг юристи Алтинай Исаева Ўш ШИИБининг матбуот котибининг сўзини қисман тасдиқлади, аммо айни вақтда журналист судга ҳам маълумот манбасини ошкор қилмаслик ҳуқуқига эга эканини қўшимча қилди. Бу ҳолатда журналист ўзи жавобгарликка тортилиб қолиши мумкин деди у.

“Мимоза Жанибек қизининг вазиятида хавотирли ҳолат йўқ, у гувоҳ қатори сўроққа чақирилган”, — деб тушунтирди Исаева.

Бунга қадар 12 февралда, “Ынтымак” Ўш шаҳрига қайд этиш учун ЎшДУнинг жаҳон тиллар факультети талабаларининг паспортлари тўпланиб, овозларни 500дан 2000 сомгача пулга сотиб олиш ҳаракатлари ўтаётгани ҳақида материал эълон қилган.

Материалда ўқитувчилардан бири кураторларга бошқа региондан келган талабаларни шаҳар кенгашига ўтувчи сайловга қатнаштириш учун шаҳарга вақтинчалик рўйхатга қўйишларини айтган. Бу сўзлашув аудиога ёзилиб қолган.

“Кураторлар, бугун албатта ҳар биринглар менга бир-бирдан киринглар. Чунки ҳозир мажлис ўтказилди, эртага соат ўнгача рўйхатни тўлиғи билан битиришимиз керак экан. [...] Шаҳар кенгашига сайлов бўлади, шунинг учун қишлоқдагилар, биздаги талабалар, ҳозир вақтинча шаҳарлик [рўйхатга турғизилади] деб, участкага қўйилади”, — деб айтган университетнинг эҳтимолий ходими.

Айни материалда ўқув юртининг жаҳон тиллар факультетининг декани талабаларнинг паспортлари тўпланаётганини инкор қилган.

Жорий йилнинг 12 апрелида бир неча шаҳар ва қишлоқларда маҳаллий кенгашларга сайлов ўтади. Бу сайловга жами бўлиб 22 партия қатнашадиган бўлди — уларнинг тўққизи Ўш шаҳар кенгаши учун курашади.

Сўнги икки ойда сайлов ўтувчи шаҳарларда янги рўйхатга турган фуқароларнинг сони кескин ўсган. Йилнинг бошидан 13 февралгача Ўшга янги қайд этилган фуқароларнинг сони 35 895, Тўқмоқда 6 745, Қоракўлда 3 159 етган.