Коронавирус сабабли Эронда қолиб кетган қирғизистонлик ҳайдовчилар юртига қайтарилади

434

Эроннинг Озарбайжон билан чегарадош Астара шаҳрида 18 нафар қирғизистонлик ҳайдовчи ватанига қайта олмаяпти. Чунки чегара коронавирус сабабли ёпилиб қолган. Улар Эрондан чиқиб кетиш учун ёрдам сўраб Қирғизистоннинг ТИВига мурожаат йўллашди. Мурожаатни “Короче” телеграм-канали эълон қилди.

“Биз Қирғизистон фуқароларимиз, ҳайдовчимиз. [Ташқи ишлар] вазирлиги коронавирус сабабли чиқа олмаётганимиздан хабардор эканини биламиз [...] Пулимиз бензинга ҳам, овқатга ҳам йўқ. Пул ўтказмалари ҳам йўқ экан бу ерда. Вазирликдан тезроқ сўзлашувларни олиб бориб, бизни чиқариб кетишини илтимос қиламиз”, — деб мурожаат қилган ТИВга қирғизистонликлардан бири.

Видеода оғир юк ташувчи машиналарнинг ҳайдовчилари юз ниқоби тақиб олишганини кўриш мумкин.

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Нурлан Абдрахманов бугунги матбуот йиғинида Эронда қолиб қолган қирғизистонликларни чиқариб кетиш бўйича сўзлашувлар олиб борилаётганини билдирди.

“Ҳайдовчиларнинг мурожаатидан бошлаб Ташқи ишлар вазирлиги ва Теҳрон, Ашхабод ва Бакудаги Қирғизистон элчилиги бу масалани махсус назоратда ушлаб турибди. 2020 йилнинг 2-4 март кунлари ТИВга Туркманистон, Озарбайжон ва Россиянинг Қирғизистондаги дипломатик миссияларнинг етакчилари чақирилган. Уларга ТИВнинг расмий ноталари топширилган. Бундан ташқари қирғизистонлик ҳайдовчиларни чегарадан ўтказиб юбориш бўйича ва уларнинг қайта Қирғизистонга қайтиб келиши учун юк ташувчи машина воситалари бўйича масалани ҳал қилиш учун консультациялар берилиб сўзлашувлар олиб борилмоқда”, — деди Абдрахманов.

6-мартга келиб дунёда коронавирус инфекциясидан 3 383 киши ҳалок бўлиб, 98 705 нафар киши юқтиргани маълум. 55 497 нафар киши эса вирусдан тузалиб кетган.

Вируснинг ўчоғи Хитойнинг Хубэй провинциясининг Ухань шаҳри — вирус билан оғриганларнинг 99 фоизга яқини шу ўлкада аниқланган.

Муаллиф: Диана Омурзакова