Фоторепортаж: 100 йиллик тарихга эга Ўшдаги Бобур драма театри

738

Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри Ўрта Осиёда энг қадимий театрлардан бири.

Театр 1918 йили Рахмонберди Мадазимовнинг бошчилиги остида театр тўгарак қатори очилган. 1937 йили эса театрга сиёсатчи Сергей Кировнинг номи берилиб, тўлақонли «театр» номини олган.

Ўша вақтда театрнинг жамоати биргина Қирғизистон жанубида эмас, Ўзбекистон, Москвага қадар гастролларга боришган. Улар ўлкада халқни  маънавий жиҳатдан озуқлантирган илк маданий арбоблар бўлган.

Дастлаб театрда диний арбобларнинг қаршилиги сабаб қизлар ишламаган. Уларнинг ролини актёр Жўрахон Зайнобиддинов ижро қилиб турган. 1920 йиллардан кейин сахнага қизлар чиқа бошлаган. Улар асрлар бўйи қолипланиб қолган эски тушунчалар билан курашишган. Аммо уларнинг айримлари бу иш туфайли ҳалок бўлишган.

Қирғизистон мустақилликка эришгандан кейин 1992 йили эса театрга шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи қўйилган. Театр 480 томошабинга мослашган.

Театрда ўзбек, қирғиз, рус ва жаҳон асарлари намойиш этилади. Театр гуруҳи турли фестивалларга қатнашиб келади. Охирми марта  Арт-Ордо фестивалида Бобур драма театрининг санъаткорлари иккинчи ўринга эга бўлишган.

Театрнинг 100 йиллиги жорий йилнинг октябрида нишонланади. Аслида бу йил театр 102 ёшда. Икки йил аввал театр таъмирга муҳтож бўлгани учун тадбир жилдирилган. Аммо театрнинг биноси ҳозирги кунгача капитал таъмирдан ўтмаган.

Театрнинг бадиий раҳбари Равшанбек Турсуновнинг айтишича, президент Сооронбай Жээнбеков бу йил театр таъмирларини ваъда қилган. Ҳозирда бир асрга тенг тарихи бор маданий масканга қачон тегишли эътибор қаратили номаълум.

Театрга иссиқлик тортилгани билан етарли даражада исита олмайди. Аммо бадиий раҳбарнинг айтишича, асосий муаммоларнинг бири ёш актёрларнинг театрга қизиқишининг йўқлиги бўлмоқда.

«Бу театрнинг маоши ёшларни қаноатлантирмайди, оиласини боқиши керак, яна бошқа масалалар бор. Қирғизистонда театрларни сақлаб қолиб, ёшларни кўпайтириш учун, маошларни кўтариш керак, яхши шароитларни тузиб бериш керак. Ҳозир асосан ёши катта актёрлар билан ишлаяпмиз», — дейди Турсунов.

Ҳозирда театрда 150 нафарга яқин ходим ишлайди, уларнинг ичидан 60га яқини артистлар ва актёрлар. Яна бир муаммо — артистларнинг ойлик маоши яшашига етмайди. Хизмат кўрсатган артистларга 7000-8000 сом маош тўланади, оддий артистлар 4500 сом олишади.

Хаётхон Мадрахимова театрда туғилмай туриб сахнага чиқа бошлаган. Унинг ота-онаси Бобур театрида кўп йил актёр бўлиб ишлаб, халқ артисти номига эга бўлишган. Мадрахимова ўзи хизмат кўрсатган артист номига эга бўлган. Биринчи бўлиб чақалоқнинг ролини Мадрахимова 8 ойлигида бажарган. Етти ёшидан бошлаб эса ёш болаларнинг турли ролларини ўйнаб келган.

«Мен 7800 сом оламан, бу яшаш учун етмайди. Энди турмуш ўртоғим бор, ёрдам беради. Бошқа ердан пул топмайман. Аввалги пайтларда тўйлардан пул топса бўлар эди, аммо ҳозир ўзбек тўйларимиз Исломнинг қоидалари билан бўлиб кетди: шунинг учун артистларни чақирмайди ҳисоб. [...] Пулига қарамай ишлаймиз», — дейди Мадрахимова.

Унинг ҳамкасби Дилшод Қўрчиев 26 ёшида театрга келиб, 28 йилдан бери шу ерда меҳнат қилиб келади. У эса Хаётхондан икки карра оз маош олади. Аммо у ойликнинг озлигидан ишни ташлаб кета олмайман дейди. Чунки отасининг йўлини давом эттирганини, саҳна қонига сингиб қолганини айтади.

Бироқ Қурчиевни декорация ва либосларнинг етишмаслиги қайғулантиради. «Биз санъаткор бўлгандан кейин биргина концерт билан спектакль қўямиз. Театр таъмирланган бўлса биз спектаклларни яхшироқ қўяр эдик, чунки бизни минг кўз қараб туради», — дейди Қурчиев.

1960-1970 йилларга қадар театрнинг кассасида навбат кутган одамларни кўриш мумкин эди. Ҳозир театрга келганларнинг сони ҳам охирги йилларда камайиб кетган. Бунга театрда қўйилувчи асарлар ҳақида етарли даражада маълумот берилмаётгани сабаб бўлмоқда деб ҳисоблайди Турсунов.

«Театрга халқнинг қизиғиши аввалгидек эмас. Бунинг бирдан бир сабаби аввалгидек тарғиботлар йўқ: газеталар, ОАВлар ёзмайди. Аммо бошқа давлатлардан келишса халқ кўплаб келади [...] Театрга кўпроқ томошабин келса яхши бўлар эди. Чунки театр кўзгу! Театрга кириб, ҳеч бўлмаганда театрдан  “шундай қилиш керакми ёки йўқми” деган бир саволга биргина одам [жавоб] топса ҳам катта нарса», — деб ҳисоблайди Турсунов.

Театрнинг асосчилари: Рахмонберди Мадазимов, Балтихўжа Султанов, Бекназар Назаров, Иброхим Мусабоев (Иброхим Мадазимов), Жўрахон Зайнобиддинов, Назирхон Камолов, Абдурашид Эшонхонов, Ўринбой Рахмонов, Жўрахон Рахмонов.

Театр тарихида энг яхши санъаткорлар қаторида Тожихон Хасанова, Розияхон Мўминова, Турсунхон Салиева, Ойтожихон Шабданова ва Абдурасул  Ураимжановларни аташ мумкин.

Матн: Тимучин Аканов

Суратлар муаллифи: Хамидулло Узаков