«Подстава қилиб қўйишган». Ўшда харбий ходим гиёҳванд модда билан ушланди 

377

Ўш шаҳар милицияси ҳарбий ходим гиёҳванд модда сотаётган вақтда қўлга олинганини хабар қилди. Воқеа 15-январда бўлган. Гумондор 16-мартга қадар тергов изоляторига киргизилди. 

ИИВнинг гиёҳванд моддаларни ноқонуний айлантиришга қарши курашиш хизматининг матбуот котиби Жанна Сатарбаева «Клооп»га аскар қўлга олинган вақтда унинг ёнидан 285 грамм гашиш ва пул топилганини билдирди. 

«Осиё  миллатидаги 25-30 ёшдаги фуқаро гиёҳванд сотиш билан шуғулланади деган тезкор маълумот келиб тушган. [...] Ўш шаҳрида гиёҳванд моддасини сотаётган вақтда Жалолобод вилоятининг Тўқтоғул туманининг 25 ёшдаги турғуни қўлга олинди», — деди Сатарбаева.

Бу иш «Гиёҳванд моддаларни, психотроп моддаларни ва уларнинг  аналогларини сотиб ўтказиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш» моддаси билан судгача текширувга олинди. 

Гумондорнинг отаси Токтогул Насиринбеков «Т-Медиа» нашрига билдиришича, ўша куни боласига Бекжан исмли ҳамкасби 30 минг сом пулни  «биров олиб кетади» деб бериб турган. Уйни тинтув вақтида ўша пулни топишган, аммо ҳеч қандай гиёҳванд модда топилмаган.

«“Подстава” қилиб қўйишган. У Бекжан исмли фуқаро аввал гиёҳванд модда билан қўлга тушган экан. “Ортимдан бировни ушлаб бераман” деб менинг боламни ушлатиб берган», — дейди Насиринбеков.

Насиринбеков ҳуқуқ тартибот ходимлари унинг боласига айбни мажбурлаб бўйнига олдираётганини айтмоқда. 

Аммо Жанна Сатарбаева гумондорни Бекжан исмли ҳамкасби  «ушлатган» деган маълумотни инкор қилмоқда. «Чунки биз тадбир ўтказаётган вақтда ёнидан гиёҳванд модда ва пул топилган», — дейди Сатарбаева.

Жорий ойнинг бошида Ўшнинг милицияси Жалолобод вилоятининг Тўқтоғул туманида 42 ёшдаги маҳаллий турғунни  101 килограмм гиёҳванд модда билан қўлга олган. Бу ҳақда маълумотни милицияга Ўш шаҳрида гиёҳванд модда билан қўлга олинган икки фуқаро сўроқ бераётганда беришган. 

Ўтган йилнинг сентябрь ойида эса яна Тўқтоғул туманида икки АҚШ фуқароси 1 килограмм марихуана билан қўлга тушган. Натижада уларнинг ҳар бирига 260 минг сомдан жарима солинган.

Муаллиф: Жийдегул Садридин қизи