Human Rights Watch Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровни зудлик билан бўшатишга чақирди

484

Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини 68 ёшдаги ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирди. Унга нисбатан умрбод жазо ўташ ҳукми чиқарилган. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Асқаровнинг иши бўйича суд адолатсиз бўлгани учун, қирғиз ҳукумати унга нисбатан ҳукмни бекор қилиши керак деб ҳисоблайди.

“Азимжон Асқаровни қамоқда ушлаб туриш — Қирғизистондаги инсон ҳуқуқларининг тарихидаги жиддий қора доғ. У зудлик билан озод қилиниб, керакли тиббий ёрдамга эга бўлиб, 10 йил адолатсиз ҳибсдан кейин оиласи билан бирга бўлишига имконияти бўлиши керак”, — дейди Human Rights Watchнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.

Уильямсон Асқаровнинг адвокатларига таяниб ҳуқуқ ҳимоячисининг соғлиги ёмонлашиб бораётганини билдириб, унинг қамоқда ушлаб турилиши ҳолатини эса “адекватсиз” қатори баҳолади.

“Ҳуқуқ ҳимоячиси ноқонуний қамалгандан бери деярлик ўн йил ўтди, қирғиз ҳукумати Асқаровга ва унинг яқинларига нисбатан адолатли суд таъминлаб бериши керак”, — деб билдирди Уильямсон.

Human Rights Watch ўз чақириғини Асқаровнинг ишини 25-февралда Қирғизистоннинг Олий суди тарафидан кўрилиши олдидан чиқарди. Асқаровнинг манфаатини судда “Бир Дуйно — Қирғизистон” ҳамда “Озодлик овози” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳаракатларининг адвокатлари ҳимоя қилмоқчи.

Human Rights Watch ҳуқуқ ҳимоячисининг адвокатларига таяниб билдиришича, Асқаровнинг ишини ОЛий судда кўрилиши “шикоят учун охирги имконият бўлиб қолиши мумкин”.

Асқаров ўзи ким?

Азимжон Асқаров — Қирғизистон жанубидаги ҳуқуқ ҳимоячиси. У милиция тарафидан амалга оширилган қийноқлар бўйича суриштирувлари ортидан машҳур бўлган. 15 йилдан бери ўзининг “Воздух” (“Ҳаво”) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотини бошқариб келган.

Уни 2010 йилнинг 15-июнида Қирғизистон жанубидаги миллатлараро жанжал вақтида қўлга олишган. Ҳуқуқ ҳимоячисига “Оммавий тартибсизларни уюштириш”, “Миллатлараро низо қўзиш” ҳамда “Одам ўлдиришга иштирок” моддаси бўйича айб қўйилган. Суд Асқаровни 2010 йилнинг охирида умрбод озодликдан ажратганига қарамай ҳуқуқ ҳимоячиси айбини тан олмаган.

Асқаровнинг адвокатлари ҳуқуқ ҳимоячисига қўйилган айблар асоссиз эканини бир неча бор айтиб чиқишган. Воқеа жойида Асқаров бўлмаганини гувоҳлар тасдиқлашган. Шунингдек ҳуқуқ ҳимоячиси қийноққа олинганини ва суриштирув ишлари процессуал қоидаларнинг жиддий бузилиши билан ўтаётганини унинг адвокатлари билдирган.

Асқаровнинг иши

Асқаровнинг иши 2019-йилнинг январида Жиноий қонунчиликка ўзгартиришлар киритилгани сабаб 25-февралда Олий суд томонидан кўриб чиқилмоқчи.

Аввалроқ Чуй вилоят суди Асқаровга нисбатан жиноий ишини қайта кўришдан бош тортган, аммо “Бир Дуйно”нинг адвокати Валерьян Вахитов бу қарорнинг устидан шикоят қилган. Шундан кейин Олий суд Асқаровни адвокатининг шикоятини қисман қаноатлантириб, ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳукмини ўзгартирган. Унга қўйилган айбнинг икки моддаси ўзгартирилиб, бу моддалар бўйича жазо муддати 9 йилдан 7,5 йилгача қисқартирилган. ҚОлган бўлимлари бўйича Олий суд ҳукми кучида қолдирилган.

Азимжон Асқаровнинг иши бўйича БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2016 йилнинг 31-мартида чиққан қарори бор. Унда ҳукуматнинг суриштирув ва суд текшируви вақтида халқаро қонунларни бузгани айтилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита Қирғизистон ҳукуматининг Асқаровга қийноқ қўлланиб, унга бешафқат ҳамда инсонпарварликдан йироқ муомала қилиб, профессионал ҳимоя етарсиз бўлганини, адвокатлар калтакланганини, суд текширувлари холис бўлмаганини тан олган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон ҳукуматини Асқаровни дарҳол озод қилиб, унинг судланганини бекор қилиб, бадал тўлаб беришга чақирган.

Бироқ қўмитанинг қарори бугунги кунгача бажарилмаган. Ўша вақтда ўлка ҳукумати Асқаровнинг ишини фақатгина қайта кўриб чиқишга жўнатган. Лекин Чуй вилоят суди, сўнгра Олий суд ҳам Бозорқўрғон туман суди 2010 йили сентябрда чиқариб берган биринчи ҳукмни кучида қолдирган. Асқаров бугунги кунгача адолатли судга эришолмай келмоқда.