Кордайдаги тартибсизликлардан кейин 24 мингга яқин киши Қозоғистондан Қирғизистонга ўтган. Бу ҳақда10-февралда Қозоғистоннинг собиқ вице-премьер-министри Бердибек Сапарбаев билдирган.
“Бугун эрта билан “Аухатти”, “Карасу” ўтказиш пунктларида бўлдик. Ўтишда ҳеч қандай чекловлар йўқ. Ҳозирги вақтда нарига томонга (Қирғизстон томонга),маълумотларга кўра, 24 минг киши ўтган. Кечаги кундан бошлаб оқсоқоллар, аёллар ва ёшлар қайта бошлади”, — деб билдирди Бердибек Сапарбаев.
Шунингдек қозоқ нашрларининг маълумотига кўра, Сапарбаев жанжал босилгандан кейин Қозоғистонга саккиз минг фуқаро қайтиб борганини маълум қилган.
“Кечаги кундан бошлаб барча бола боғчалари ва мактаблар аввалгидек тартибда ишламоқда. Савдо шахобчари ишламоқда”, — деб билдирган Сапарбаев ҳукумат йиғинида.
Унинг ичида можаро сабаб қирғиз касалхоналарида тиббий ёрдам олаётган қозоғистонликларнинг аксар қисми қайтиб борган. Қирғизистондан уларни Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Камалжан Надиров бош бўлган делегация Қирғизистонга келиб олиб кетган.
“9-февралдаги маълумот бўйича, Чуй ва Бишкекнинг тиббий масканларида 13 киши бўлган. Уларнинг деярлик бари чиқиб, Қозоғистонда даволанишни давом эттиришмоқда. Беморлар турли жароҳатлар билан келишган: ўқ тегиб ярадор бўлганлар, бош мияси чайқалганлар ва бошқалар”, — деб билдиришди муассасадан.
Сапарбаев — кўп қисми дунганлар бўлган қишлоқлар жойлашган Жамбил вилоятининг янги ҳокими. Унгача бўлган ҳоким Аскар Мирзахметовни ҚОзоғистоннинг президенти Касим-Жомарт Токаев ишдан бўшатган. Қишлоқлардаги низо Мирзахметов даврида бўлган.
Кеча, 10-февралда Сооронбай Жээнбеков Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаевга қўллов сўзларини билдирган.
Жээнбеков қирғиз халқининг номидан жанжал оқибатида ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оиласига ҳамдардлик билдирган. Жанжал чиққан куни саккиз киши, кейинчалик касалхонадаги яна икки киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, Жээнбеков жабрланганларнинг тезда соғайиб кетишини тилаган.
Президент таъкидлаб ўтганидек, тарихда Қирғизистон қозоқ биродарларига оғир даврларда ёрдам кўрсатиб келган ва бундан кейин ҳам ёрдам кўрсатишни давом эттирмоқчи.
Масанчидаги жанжал
7-февралдан 8-февралга ўтар кечаси аҳолисининг кўпи дунганлар бўлган чегарага яқин қозоқ қишлоқларида юзлаб одамлар хавфсизлик ва тиббий ёрдам излаб Қирғизистонга қочишга мажбур бўлишган. Қирғизистонга асосан аёллар, болалар ҳамда қариялар ўтишган. Уларнинг бир қисми қайта кетишган.
Жанжал Масанчи қишлоғида бошланиб, кейин яна уч қишлоққа ўтиб кетган. Жанжалнинг чиқишига “йўл талашиш” сабаб бўлгани айтилмоқда. Минимум саккиз киши ҳалок бўлиб, ўнлаб киши ўқ отар қуролдан ярадор бўлиб, кўплаб бинолар ёнган. Ҳалок бўлганларни дафн қилиш ҳамда зарарларни ҳисоблаш учун комиссия тузилган.