Райимбек Матраимов журналистларни ва Ширин Айтматовани судга берди

436

Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов хитойлик  бизнесмен Айэркен Саймаитини ўлдириш иши бўйича иккинчи сўроғини бериб чиқиб, сиёсий фаол Ширин Айтматовани, «Азаттык»нинг журналисти Али Токтакуновни ҳамда яна  «бошқа журналистларни» судга берганини билдирди. Бироқ «бошқа журналистларнинг» сафига кимлар киришини аниқ атагани йўқ. 

«Тергов билан ҳамкорлик қилиб, менга қўйган туҳматларнинг барини юзини очишга мен ўзим манфаатдорман. Менинг 700 миллион доллардан 7 тийинига ҳам менинг алоқам йўқ. “Азаттык” радиоси халқаро муассаса бўлгани сабаб —  халқаро даражада судлашгани тайёрланмоқдамиз», — деди Матраимов.

Матраимовнинг айтишича, у август ойидан бошлаб чет давлатда бизнес қилиб юрган, аммо унинг атрофида юзага келган «шов-шув» ортидан Қирғизистонга қайтиб келишга мажбур бўлган. 

Матраимовлар ва Абдуқодир оиласининг алоқаси ҳақида журналистик суриштирув 

OCCRP, «Азаттык» радиоси ҳамда Kloop «Ипак йўлидаги контрабанда, коррупция ҳамда кланлар» номли журналистик суриштирувни эълон қилишган ва унда хитойлик тадбиркор Хабибулла Абдуқодир билан нуфузли қирғизистонлик амалдор Райимбек Матраимовнинг алоқаси ҳақида айтилган. Журналистларнинг маълумотчиси Айэркен Саймаити Қирғизистондан 700 миллион доллардан ортиқ пулни чиқариб кетганини тан олиб, коррупция тармоғи ўша вақтдаги божхона етакчисининг ўринбосари Райимбек Матраимовнинг ёрдами билан уюшганини айтиб берган. 

Журналистик суриштирув коррупцияга қарши акциянинг ўтишига сабаб бўлган. Журналистларнинг маълумотчиси бўлган Саймаити суриштирув чиққанга қадар отиб ўлдирилган, унга қадар эса унинг курьери билан коллектори ўлдирилган. Саймаитининг ўлими бўйича иш қўзғалиб, уни ўлдиришда гумонланган тўрт киши қўлга олинган ҳамда Туркиядаги собиқ элчи Эркин Сопоков сўроққа олинган. Кейинчалик Сопоков  «вазифасини суиистеъмол қилиш» моддаси билан қўлга олинган — у дипломатик автомобилини Саймаитига ноқонуний берган. 

Райимбек Матраимов судга берган Ширин Айтматова ҳамда унинг коррупцияга қарши «Умут-2020» ҳаракати Матраимов билан унинг рафиқасининг расмий даромадларига мос келмаган мулклари ҳақида видео роликларни эълон қилган.