Ўш милицияси ҳайдовчига «гувоҳномасини кўрсатмай» қўйган инспекторга боғлиқ текширув бошлади — видео

566

«Мукамбет SFR» ютуб каналига 21-октябрда Ўш шаҳар мэриясининг ёнида тасвирга олинган видео тарқади. Унда дастлаб патрул милиционер ҳайдовчига рейд олиб борилаётганини айтиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини сўраётгани эшитилади.

Ҳайдовчи эса ҳужжатларини кўрсатишдан бош тортиб, инспектордан рейд ҳақидаги буйруқни ва хизмат гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилади.  «Сиз менга рейд ўтказиляпти деган буйруқни олиб келинг […] Нима сабабдан тўсдингиз ёки кўзингизга мастга ўхшаб кўриндимми?», — деб савол берган у. 

Милиционер эса қуйидагича жавоб берган: «[Гувоҳномани] кўрсатмайман сенга. Сен ҳужжатингни кўрсатсанг кейин кўрсатаман-ми? Мен сени яхшиликча тўсганимдан кейин, яхши муомала қилмайсанми».

Шундан кейин ҳайдовчи ва инспекторнинг ўртасида оғзаки тортишув бўлган. Натижада милиционер ҳайдовчига ҳавфсизлик камарини тақмай келдинг деб протокол тузади. Ҳайдовчи эса, «камар тақиб келаётганини» айтиб, далил кўрсатмасдан жарима солинаётганини билдиради. 

Милиция текширув бошлади

Ўш шаҳар йўл харакати хавфсизлигини таъминлаш бўйича бўлимнинг матбуот котиби Рашид Сидиков «Клооп»га мазкур видео бўйича текширув бошланганини айтди. Ҳозирча видео қачон олингани номаълум. 

«Видеода икки тараф бир-бирини тушунмаган. Бу видео бўйича бизда махсус текширув олиб борилмоқда. Инспекторлар кўп бўлгани учун эса ҳар бирига рейд бўйича кўчирма бера олмаймиз. Агар ҳайдовчилар гумон санаётган бўлса, унда бизга келиб кўриб кетишса бўлади», — деди Сидиков.

Идорадан рейд бўйича буйруқ кўчирмасининг ўрнига инспекторлар ҳайдовчиларга маршрут дислокациянинг схемасини ва хизмат гувоҳномасини кўрсатишлари кераклигини билдиришди. 

Патрул милициядан хавфсизлик камари бўйича тузилган протокол бўйича ҳам текширув бўлаётганини қўшимча қилди. Текширув натижаси билан инспектор қонун бузган бўлса чора кўрилишини айтишди. Бироқ воқеа бўйича патрул милицияга ҳеч ким ариза билан мурожаат қилгани йўқ.