Бишкекда автобус ҳайдовчиларининг ярмидан кўпи йўл қоидаси бўйича имтиҳондан ўтолмади

496

Ҳайдовчилар учун режадан ташқари имтиҳон 9-октябрдан бошлаб 11-октябргача бўлиб ўтган. Унга 340дан ортиқ автобус ҳайдовчилари қатнашган. 

Синовнинг натижаларига кўра, 188 киши керакли балл тўплай олмаган, 24 ҳайдовчи эса  «асосли сабаблар билан» имтиҳонга келмай қолган. Тестни биринчи урунишда топшира олмаган ҳайдовчилар яна бир марта синов топшириш имкониятини олишди. Иккинчи тест 15-16-октябрда ўтиб, уни автобус ҳайдовчиларининг бари муваффақиятли топширишган. 

Миллион аҳолиси бор Бишкек учун автобуслар ва троллейбусларнинг сони етарли эмас. Пойтахтда 13 автобус ва 11 троллейбус маршрутигина ишлайди. Кун сайин шаҳар қатновига 140 автобус ва 135 троллейбус чиқади. 

Бироқ, янги автобуслар билан ҳам бари ўрнида эмас — айрим маршрутлар бекати йўқ кўчалардан ўтади, транспорт ўзи эса коляскали ота-оналар ва ногиронлар учун мослашмаган.