«Турмуш» нашри 15-октябрда Ўш шаҳри кўчаларининг бирида тасвирга олинган видео эълон қилди. Унда формали кишилар икки йигитни машинага солиб кетганини кўриш мумкин. Лавҳадаги овоз эса «Женго» қўлга олинганини айтади.
Нашр «Женго» лақаби билан танилган Кадир Досонов бораётган «Мерседес-Бенц» автомобили билан операция асносида тўхтатилганини ёзган. Маълумотга кўра, автомобилнинг давлат рақами йўқ бўлган ва ҳайдовчи инспекторларнинг тўхташ ҳақидаги талабига бош эгмаган.
Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Женишбек Аширбаев «Азаттык» радиосига Досонов ҳамда у бораётган автомобилнинг ҳайдовчиси қўлга олинганини тастиқлаб, улар милиция бўлимига етказилганини билдирган.
«Давлат рақами йўқ автомобил йўл нозирларига бош эгмай қочибди. Ҳозир бўйсунмагани учун ва давлат рақами тақилмагани учун маъмурий протокол тузилибди, тўпланган материаллар тегишли тергов хизматига ўтказиб берилди», — деб келтиради «Азаттык» Аширбаевнинг сўзларини.
Аширбаев ушланган автомобилнинг ичида номаълум русумдаги тўпонча топилганини қўшимча қилди.
Воқеа бўйича батафсил маълумот олиш учун Ўш ВИИБининг матбуот хизматига уланиб бўлмади.
Кадир Досонов 2015 йилнинг февралида милициянинг полковниги Толкунбек Шоноевни ўлдиришга буйруқ беришда айбланган. 2017 йили Қорасув туман суди, Ўш вилоят суди уни оқлов ҳукмини чиқарган. Кўп ўтмай Олий суд ҳам бу қарорни кучида қолдирган.
Муаллиф: Элдияр Бакиров